Сарвиноз Жаҳон тиллари университетининг француз тили филологияси 4-босқичида ўқийди. Ўқишдан ташқари, кунига 6 маҳалгача курс ташкил қилиб, ўқувчиларига анъанавий ва онлайн тил ўргатади.
Полиглот тил ўрганиш тарихи ҳақида ҳикоя қиларкан, 7-синфга қадар тил ўрганиш нияти бўлмаганини айтади. Унинг она тили – ўзбек тили; уйда оиласи билан тўлиқ ўзбекча мулоқот қилишади. Рус тилини боғчада, телевизорда рус тилидаги кўрсатувлар орқали ўрганган.
«Тил ўрганиш учун уйда доимий муҳит бўлган. Отам Сарвар Исматов – француз тили бўйича филология фанлари номзоди, доцент. Онам Раъно Неъматова математика фанидан лицейда дарс берадилар.
Болалигимизда телевизорда рус тилида ахборот берилса, отам ва онам бизни ёнларига олиб, у ҳақда рус тилида суҳбат қилар, нимани тушунганимизни битталаб русчада сўраб олардилар. Боғчада ҳам рус гуруҳига борганмиз», – дейди Сарвиноз рус тилини қандай ўргангани ҳақида.
Ота-она берган мотивация
Сарвиноз 3-синфдан бошлаб турли чолғу асбобларини чалишни бошлаган. 6-синфни тугатганидан кейингина инглиз тилини ўрганишга киришган.
«Онам математика ўқитувчиси бўлгани учун мени математикага қизиқтирмоқчи бўлган. Aммо бу фанга қизиқишим ва рағбатим бўлмагани сабаб 1-2 ойга етмай, математикани ташлаб юборганман ва инглиз тилини ўрганишни бошлаганман. Ўша пайтда 7-синфда ўқирдим», – дейди у.
Сарвиноз бу тилни ўрганишга қунт қилмаганини айтади. Шунда у учун энг катта мотивация ота-онаси бўлган. Ота-онасини уялтириб қўймаслик ҳисси уни бу тилни ўрганишга мажбур қилган. Натижада 9-синфда ўқиб юрганиданоқ тенгдошларига инглиз тилини ўргатишни бошлаган. Бу пайтда ҳам инглиз тили билан мунтазам шуғуллана бораверган.
«Кимнингдир мендан яхшироқ ўқишига чидолмасдим…»
«Кимнингдир мендан яхшироқ ўқишига чидолмасдим. Дарров ундан ўтиб кетишга ҳаракат қилардим. Худди шу ҳолат лицейда немис тилини ўрганаётганимда ҳам рўй берган. Тенгдошларимнинг бу тилга қизиқиб ўрганаётганини кўриб, улардан ҳам яхши ўрганишга аҳд қилганман ва буни уддалаганман», – дея изоҳлайди у тил ўрганишдаги муваффақиятини.
Полиглот қиз лицейда ўқиб юрганида немис тили билан бирга, француз тилини ҳам ўрганишни бошлаган. Унинг айтишича, отаси француз тили бўйича мутахассис бўлишига қарамай, бу тилни бувасидан ўрганган. Ҳозирда француз ва инглиз тилини C1, немис тилини B2 даражада билади.





