BBC нашри Эфиопия шимолида камида 15 киши ҳалок бўлган қотиллик Эфиопия армияси томонидан содир этилганига оид маълумотларни эълон қилди.

Март ойи бошида ижтимоий тармоқларда қуролланган формали шахслар бир гуруҳ қуролсиз одамларни жарлик ёқасига олиб боргани акс этган видео тарқалади. Видеодаги баъзи одамлар яқин масофадан ўққа тутилади, жасадлари эса жарликдан пастга улоқтирилади.

BBC Africa Eye гуруҳи мазкур қирғин мамлакат шимолидаги Тиграй яқинидаги Маҳбере Дего шаҳрида содир бўлганини аниқлади.

Қайд этиш жоиз, Тиграйда Эфиопия армияси ва мухолифатдаги «Тиграй озодлик халқ фронти» (TPFL) ўртасида тўқнашувлар бутунлай тинмаган.

Эфиопия армияси ноябр ойида мухолиф кучларга қарши операция бошлаганди. Бош вазир Абий Аҳмед бу ташкилот ҳарбийлари ҳукумат армияси штаб-квартирасига ҳужум қилганини айтганди.

Федерал ҳукумат томонидан минтақадаги таъсирни ошириш бўйича қилинган ҳаракатларига эътироз билдирган «Тиграй озодлик халқ фронти» армияга қарши туришга қатъий қарор қилган.

Тиграй Муваққат маъмуриятига кўра, можаролар натижасида ҳозирга қадар икки миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Минтақадаги тўрт миллиондан ортиқ одам эса ёрдамга муҳтож экани айтилмоқда.

Қуролланган одамларнинг соялари

BBC Africa Eye гуруҳи қирғин содир бўлган жойни аниқлаш учун Bellingcat ва Newsy каби телеканаллар мутахассислари билан биргаликда иш олиб борди.

Ижтимоий тармоқда видеоларни тарқатган одамлар ушбу тасвирлар Маҳбере Дего яқинида суратга туширилганини маълум қилишди.

Africa Eye гуруҳи видеолардаги жойларни ушбу ҳудуднинг сунъий йўлдош тасвирлари билан таққослади.

Қуролланган кишиларнинг соя йўналиши ва узунлиги қирғин содир бўлган кун вақтини аниқлашга имкон берди. Шунингдек, кўланкалар жарликнинг шимолий-жанубий ўқида бўлгани аниқланди.

Видеодаги жарлик тасвирлари харитага жойлаштирилди. Қуриган дарё туби, ҳудуднинг ўсимлик қоплами ва дарахтларнинг жойлашиш ўрни ҳам қатлиомнинг аниқ жойини аниқлашга имкон яратди.

BBC Маҳбере Дего шаҳрида яшовчи одам билан телефон орқали мулоқот қилди. Унинг сўзларига кўра, Эфиопия армияси январ ойида ушбу шаҳар ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларидан уч нафар қариндоши ҳам уларнинг таркибида бўлган 73 кишини олиб кетган. Шундан сўнг улардан ҳеч қандай дом-дарак бўлмаган.