Швейцария деганда кўпчилик кўз олдида гўзал табиат манзаралари, сўлим гўша ва ишончли ҳамда мустаҳкам банк тизимига эга мамлакат гавдаланади. Kun.uz’нинг «Хориждаги ўзбеклар» рукни ва Uzbek.Life лойиҳасининг бу галги меҳмони ушбу давлат университетида магистратурада ўқиб келаётган ўзбекистонлик Жалолиддин Хушвақтов бўлди.

— Суҳбатимиз бошида ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз? Ҳозирда қайси университетда таълим оляпсиз?

— Мен тўғрисўз, эътиқодли, ўртамиёна зиёлилар оиласида улғайган оддий бир ўзбек йигитиман. Ҳозирда Швейцариянинг Женева университети магистратурасида таҳсил оламан.

Отам шифокор, онам ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ўзларининг илмий иш билан шуғулланишга имконияти бўлмаган, шу сабабли бизнинг ўқишимиз учун доимо шароит яратиб беришга ҳаракат қилишади ва қўллаб-қувватлашади.

Ўзбекистон Миллий университети кимё факультетида бакалавр таҳсилини олганман. Ўқиш давомида бир неча халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиби бўлганман. Кейинчалик, Каримов фонди орқали Швейцариянинг Женева университети магистратурасида ўқишни давом эттириш имкониятини қўлга киритдим.

Шу ўринда таъкидлаб ўтишим керакки, Каримов фонди – бу шунчаки бизнинг харажатларимизнигина молиялаштирадиган ташкилот эмас, балки ҳар қандай шароитда қўллаб-қувватлашга тайёр иккинчи оиламиз, деб биламан.

Ҳозирда, ZHAW (Zurich University of Applied Science)да ишлатилган қаҳва қолдиқларини озиқ-овқат соҳасида қўллаш устида магистрлик илмий ишимни олиб боряпман.

— У ердаги таълим жараёнлари Ўзбекистондан нимаси билан фарқ қилади? Швейцария таълимининг сизга ёққан жиҳатлари?

— Тўғриси, мен таълим соҳасида мутахассис эмасман ва Ўзбекистонда таълим соҳасида олиб борилаётган ўзгаришларнинг барчасини кузатиб бораман, деб ҳам айта олмайман, лекин ўзим мисолимда саволингизга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўраман.

Четдан юзаки қараганда кўп фарқ йўққа ўхшайди, ўша парта, ўша стол ва дарс ўтиш — ҳаммаси деярли бир хилдек. Ҳолат ўзгармагандек, лекин муносабат бутунлай бошқача. Дарслар икки томонлама манфаат устига қурилган: профессор ўзи тадқиқот олиб бораётган соҳадаги сўнгги билимларини улашиб завқланса, талаба юқори малакали кадр бўлиш учун ўз устида ишлайди.