13:48 / 19.04.2021
17244

«Олис ҳудудда ишлаш фақат тажриба эмас, балки савоб ҳам» — Махсус устамали ойлик олаётган ўқитувчилар билан суҳбат

Маълумки, президент қарорига биноан таълим сифати паст ёки олис ҳудудларда жойлашган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудуддан келган ўқитувчиларга махсус устамалар жорий қилинди. Ана шундай ўқитувчилар оиласи Бухородан Самарқанднинг Нуробод туманида инглиз тилидан дарс бераётгани ҳақида хабар берилган эди. Kun.uz мухбири мазкур оила бошлиғи Фаррух Муродов ҳамда унинг турмуш ўртоғи Наргиза Қувонова билан боғланиб уларнинг яшаш тарзи, олис ҳудудда иш бошлашда дуч келган қийинчиликлари ва маошлари билан қизиқди.

Яқинларингиздан узоққа, бегона ҳудудга бориб ишлашга нима сабаб бўлди? Инглиз тили ўқитувчиларида дарс соатлари кам бўлган тақдирда ҳам репититорлик қилиш орқали қўшимча даромад топиш имконияти бошқаларга қараганда кўпроқ эканлиги сир эмас...

— Бунга сабаб аввало бошқа ҳудудларда ишлаб кўриш, тажриба орттириш истаги бўлди. Нурободга келишимизга сабаб, бу ерда таълим оладиган ўқувчиларга кўп йиллардан бери инглиз тили фани ўтилмаганидан хабар топдик ва шу ерда фаолият бошлашни маъқул кўрдик.

Бухорода ҳам репититорлик билан шуғулланганмиз ва бу ерда ҳам репититорлик фаолиятини йўлга қўйдик. Кўриниб турибдики, биз ҳеч нарса йўқотмадик. Аксинча, ота-оналарнинг миннатдорчилик билдиришлари, ўқувчиларнинг тил ўрганишга бўлган иштиёқидан янаям руҳландик.

Бу ердаги болалар шу қадар тиришқоқки, озгина туртки ва йўналиш бериш орқали уларда юксак натижаларга бўлган хоҳишни кўриш мумкин. Олис ҳудудга бориб ишлаш нафақат тажриба орттириш, балки савоб иш эканлигига ҳам амин бўлдим.

Сир бўлмаса қанча ойлик маош оласизлар айни пайтда?

— Йўқ, бу сир эмас. Солиқлардан ташқари қўлимга оладиган ойлик маошим 10 млн сўмдан ошиқроқни ташкил этади. Турмуш ўртоғим эса 9 млн сўмга яқин ойлик олади. Иккимизнинг маошимиздан яхшигина маблағ тўплашимиз мумкин. Худо хоҳласа, келгусида уй-жой қилиш, автомобил олиш каби ниятларимизни бемалол амалга оширишимиз мумкин.

Ўқитувчи сифатида Бухородаги туманда ва олис қишлоқдаги мактабда ишлаб кўрдингиз. Ўқувчиларнинг яшаш шароитлари ва билимга бўлган интилишлари борасида фарқ борми?

— Деярли фарқ йўқ. Тўғри, туман маркази ёшлар учун олис бўлиши мумкиндир, лекин илмга чанқоқлик, замонавий технологиялардан фойдалана олиш, фикрлаш бўйича улар шаҳар ва туман ўқувчиларидан ҳеч ҳам қолишмайди. Ҳатто қишлоқ ўқувчиларида нисбатан интилиш, билимга бўлган меҳр кучли эканлигини сезиш мумкин. Кўзлари сизга жавдираб турадиган болаларни кўриб уларга кўпроқ нарса ўргатгингиз келади. Қишлоқ мактаби бўлишига қарамай бу ерда ҳам замонавий технологиялар мавжуд. Улардан тўлақонли равишда фойдаланишни билиш керак, холос.

Нурободга келганда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз? Яшашингиз учун ижара пули учун давлатдан маблағ ажратиладими?

— Яшаш шароитига мослашиш бироз қийинчилик туғдирди, бироқ қишлоқ одамларининг самимийлиги, бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги тезда кўникишимизга ёрдам берди.

Шу ўринда ҳужжатларимизни расмийлаштиришда беминнат ёрдам берган вилоят халқ таълими бошқармасига, Нуробод туман ҳокимлигига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Оилангиз билан бегона жойга кўчиш одамни чўчитадиган ҳолат, лекин атрофда яхши инсонлар бўлса, бундан қўрқмаслик керак экан. Ҳали келганимизга кўп бўлмасдан кўпчилик билан яқин бўлиб кетдик. Ота-онамизни, яқинларимизни соғинганимизда улар билан суҳбатлашиб худди ўз жигарларимизни кўргандай бўламиз.

Кўпчилик ёшлар қишлоқ ҳудудига, айниқса узоқ ҳудудларга бориб ишлашдан чўчишади. Уларга нима деб маслаҳат берган бўлар эдингиз?

— Бугунги ёшларга иккиланмасликни, кадрлар шундоқ ҳам етарли бўлган шаҳарларда қолмасдан эҳтиёж юқори бўлган олис ҳудудларга келишларини, давлатнинг кўмаги орқали ҳам даромадларини, ҳам тажрибаларини орттиришлари мумкинлигини таъкидлаган бўлардим.

Шаҳарда имкониятлар жуда кўп, нимагадир эришиш нисбатан осонроқ. Аммо қишлоқда, илмга муҳтож, янгиликларга чанқоқ болалар яшайдиган узоқ ҳудудларда улар учун янги имкониятлар яратиш чин маънода қаҳрамонлик бўлиши мумкин. Айрим дипломлари бўла туриб бошқа юртларда ишлаш учун кетаётган ёки иш йўқлигидан нолиётган ҳамюртларимизга шундай ҳудудларда ишлашни тавсия қиламан. Хорижда топиладиган ўша даромадни шу ерда ҳам топиш мумкин. Бунга ўзим шахсан гувоҳман. Қишлоқ аҳлининг сизга бўлган ҳурмати, эътибори, фарзандларига бераётган таълимингиз учун қилаётган дуолари ҳаётингизни буткул ўзгартириб юборар экан.

  • Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими вазирлиги томонидан таълим даражаси юқори бўлмаган «қизил мактаб»ларга бошқа ҳудудлардан маҳоратли ўқитувчиларни жалб этиш тизимини яратадиган «Янги Ўзбекистон устозлари» лойиҳаси эълон қилинди. Бунда ўқитувчи бошқа вилоятга бориб ишласа, 100 фоиз устама, бошқа туманга бориб ишласа, 50 фоиз устама тўланади. Аризалар жорий йилнинг 1 июнига қадар ustozfondi.uz сайти орқали қабул қилинади. 
Top