19:35 / 11.05.2021
4167

Яхши илмий натижалар чоп этилмайди – маҳаллий журналларни халқаро даражага кўтариш бўйича анжуман бўлиб ўтди

11 май куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги илмий-техник ахборот маркази томонидан Ўзбекистондаги илмий журналларнинг халқаро маълумотлар базаларига киритилиши юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбати 2020 йил 29 октябрда қабул қилинган «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-6097-сонли президент фармонига биноан, маҳаллий журналларни Scopus, Web of Science ёки бошқа умумэътироф этилган маълумотлар базаларига киритишга қўмаклашиш мақсадида илмий-техник ахборот маркази томонидан халқаро экспертлар иштирокида ўтказилди. 

Ҳозирги вақтда халқаро маълумотлар базаларида илмий ноширлик ишларининг кўпайиши жаҳон бозорида жадал ривожланаётган рақобатни келтириб чиқармоқда. Илмий даврий нашрларнинг сифатини яхшилаш мамлакатда илмий жамоатчилик самарадорлигини оширишнинг долзарб вазифаларидан бири саналади.

Юртимизда йўналишлар бўйича 200 га яқин илмий журнал ўз фаолиятини олиб боради.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот марказига 2021-2023 йилларда маҳаллий олимларнинг илмий натижаларини халқаро илмий маълумотлар базаларига киритиш вазифаси юклатилган.

Тадбир давомида халқаро нашриётлар вакиллари иштирокчиларга илмий журналларни етакчи маълумотлар базасига индексация қилиш ва критериялар бўйича маълумотлар берди.

ЎзФА Математика институти директор ўринбосари Ғолибжон Ботиров илк бора ўтказилаётган бу каби давра суҳбати аҳамияти тўғрисида фикр билдирди.

«Бугунги анжуман мақсади журналларимиз сифатини яхшилаш ва халқаро талабларга жавоб берадиган форматда тайёрлашга кўмаклашиш ҳисобланади. Иштирокчилар орасида тўрт нафар хорижий эксперт ҳам бор, улар ўз тавсияларини беришмоқда. Эътибор қаратган асосий жиҳатлардан бири Ўзбекистондаги журналларнинг кузатувчилари сони камлиги. Ҳозиргача баъзи бир журналларнинг веб-сайтлари деярли ишламайди, ҳатто. Чиқаётган мақолалар сайтга қўйиб борилиши, журнал таҳририяти аъзоларининг муаллифларга бўлган муносабати ҳам яхши эмас.

Шунингдек, яхши илмий натижалар чоп этилмаётгани, таҳрир ҳайъати фақат маҳаллий олимлардан иборатлиги камчилик сифатида қайд этиб ўтилди.

ФА Математика институтининг журналларидан бири тўлиқ инглиз тилида чиқади, бу журнал 1957 йилдан илмий мақолаларни нашр этиб келади. 2007 йилдан бошлаб эса инглиз тилидаги мақолалар чоп этила бошлаган бўлса, 2018 йилдан тўлиқ инглиз тилида юритилмокда, АҚШ математиклар жамияти базасида рўйхатдан ўтган, эндиги вазифа Scopus ва бошқа базаларга киритиш», деди Ғолибжон Ботиров.

Top