— Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда биринчи ўринда нимага эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайсиз?

— Аввало, Ўзбекистон иқтисодий сиёсатини қайта кўриб чиқиб, иқтисодиётнинг таркибий тузилишини тубдан мураккаблаштириш, иложи борича тезроқ иқтисодиётнинг мураккаблик кўрсаткичи (Economic Complexity)ни ошириш керак.

Ўзбекистон иқтисодиёти бир гуруҳ хом ашё маҳсулотларини катта ҳажмда экспорт қилишга боғлиқ, бундай иқтисодиёт аҳолининг катта қисмини катта ҳажмдаги даромад билан қоплаб ололмайди. Мураккаблик даражасини оширмай туриб, аҳоли орасидаги тенгсизликни бартараф этиш жуда мураккаб.

Мамлакат иқтисодиётига илм-фан ва технология ютуқларининг жорий этилганлик даражаси «иқтисодий мураккаблик» (economic complexity) дея номланувчи омил билан ўлчанади. 2019 йилда эълон қилинган индексда иқтисодиётининг мураккаблик даражаси жиҳатдан Ўзбекистон 157 давлат ичида 95-ўринни эгаллаган.

Иқтисодиётнинг мураккаблик индексига кўра, мамлакат иқтисодиётига илм-фан қанчалик чуқур татбиқ этилган бўлса, даромад даражаси ҳам юқори, даромадлар тақсимланишида тенгсизлик ҳам кам бўлади. Қолаверса, саноат туфайли экология етадиган зарар миқдори камаяди.

Масалан, Японияни олайлик, иқтисодиётида мураккаблик даражаси юқори бўлгани учун, юқори даромадли маҳсулотларни катта ҳажмда ишлаб чиқаради, аҳолининг юқори даромадга эга бўлиши таъминланади ва мамлакатнинг постиндустриал ривожланиш асоси яратилади.

Ўзбекистон иқтисодиётнинг ҳозирги таркиби билан техник-технологик мустақилликни таъминлаши, постиндустриал иқтисодиётни шакллантириши, доимий равишда аҳоли турмуш даражасини ошириб бориши деярли имконсиз.

Шунингдек, иқтисодиётимизнинг қолоқлиги машинасозлик ва электротехника каби таянч соҳаларнинг ривожланмагани билан ҳам узвий боғлиқ.

— Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон иқтисодиётида мураккаблик даражасини оширишда қайси соҳа таянч тармоқ ҳисобланади?

— Фикримча, мамлакатимиз иқтисодиётининг даражасини мураккаблаштиришда асосий стратегик роль машинасозлик тармоғига тегишли. Машинасозлик тармоқлари транспорт машинасозлиги, оғир, ўрта машинасозлик, ускуналар ишлаб чиқариш, электротехника, станоксозлик тармоқлари ва ҳоказоларни ўз ичига олади.

Кўрсатиб ўтилган тармоқлар нафақат хом ашё, балки ускуналар ва станоклар мавжудлигига боғлиқ. Ўзбекистон импорти таркибининг сўнгги 20 йилдаги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, импорт таркибида машина ва ускуналар улуши барқарор равишда 40 фоиз даражада сақланиб қолмоқда. Шунга қарамай, экспорт таркибида машина ва ускуналар улуши 2-3 фоиздан ошмайди.