Давлат статистика қўмитаси тақдим этган маълумотга кўра, Ўзбекистонга 2020 йилда 191 минг 197 киши кўчиб келган. Бироқ бу тенденциянинг эътиборни тортадиган жиҳати шундаки, Тошкент шаҳри (77 минг 971 киши) ва Тошкент вилоятига (30 минг 793 киши) кўчиб келганлар сони биргаликда 100 минг кишидан ошади ҳамда бу кўрсаткич кейинги энг кўп кўрсаткичли ҳудуд Фарғона вилоятиникидан (9675 киши) 10 баробарга ортиқдир. Алоҳида олганда эса Тошкент шаҳриники 7 баробар, Тошкент вилоятиники 3 баробарга кўпдир.

Албатта, одамларнинг шаҳарларга кўчиб келиши ва ишга ёлланиши тараққиётнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Ишчи кучи оқими ўсаётган шаҳарларни арзон меҳнат ресурслари билан, хизмат кўрсатиш соҳасини истеъмолчилар билан таъминлайди. Бу эса ўз навбатида шаҳар кенгайиб, ривожланиб боришига сабабчи бўлади. Жаҳон тажрибасида ҳам Буюк Британияда бошланган саноат инқилобидан сўнг бу жараён фаоллашгани ҳамда Токио, Деҳли, Сан-Паулу каби мегашаҳарлар вужудга келганини кўриш мумкин.

Муаммонинг долзарблиги…

Эътиборли жиҳати шундаки, ички миграция оқими узлуксиз ва бир томонга йўналган бўлса ҳам натижа ўхшаш бўладими? Саноат инқилоби даври урбанизациясидан фарқли равишда, юқоридаги статистикага кўра, Ўзбекистон ишчи кучларининг ҳаракати нопропорционал тарзда кечмоқда ва бу бир неча соҳага ўз таъсирини кўрсатиши мумкин:

Меҳнатга ҳақ тўлаш

Вилоятлардан Тошкентга келаётган аҳоли шаҳардаги хизмат кўрсатиш, қурилиш, транспорт хизмати каби соҳалар учун арзон ишчи кучи бўлиши нарх-навони мўътадиллаштириш учун яхши имкон яратади. Яъни қурилиш материаллари ёки ёқилғи нархлари қимматлашаётган бир вақтда меҳнатнинг арзонлиги секторларга барқарор инвестиция оқимини таъминлайди. Бироқ, 12та ҳудуддан фақат Тошкентга ишчиларнинг келиши таклифнинг меъёридан ошишига ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг бошқа истеъмол товарларига нисбатан коррекциясининг бузилишига сабаб бўлади. Натижада, аҳоли орасида иқтисодий ва ижтимоий нотенглик келиб чиқади.

Озиқ-овқат инфляцияси

Саноат инқилобининг асосий таянчи сифатида шаҳарлар эмас, айнан қишлоқларнинг кўрилиши бежиз эмас. Чунки қишлоқлар шаҳарларни хомашё ва озиқ-овқат билан таъминлаб туради. Буюк Британияда ХVIII асрда бошланган саноатлашув жараёнининг ҳам асоси қишлоқ хўжалигида техника ва технологияларнинг жорий этилиши натижасида ишсиз аҳолининг иш излаб шаҳарларга келиши бўлганди. Яъни шаҳар аҳолисининг ўсиши ва қишлоқ хўжалигидаги самарадорлик мутаносиб тарзда кечган. Миграциянинг сабаби агарда юқоридаги каби ҳолат бўлмаса, бу озиқ-овқат нархлари ўсиб боришига сабаб бўлади.