Жамият | 18:53 / 26.08.2021
116560
4 дақиқада ўқилади

“Қизларимни яшириб ўтирибман, ёзуғимиз нима, билмайман” — афғонистонлик ота билан суҳбат

Афғонистонлик Ёсин Одил ва унинг оиласини 5 йилдан бери биламан. Ҳар йили таътилга чиқишлари билан албатта Ўзбекистонга келишар, болалари билан яйраб дам олиб кетишарди. Бу орада қизлари улғайди, ўғли катта йигит бўлиб қолди, яна бир ўғил кўрди. Охирги воқеалардан кейин Ёсин ака билан боғландим ва айтганларидан даҳшатга тушдим.

“Шу пайтгача хориж билан бизнесим бор эди. Менимча, ҳаётимдаги энг катта хатом мана шу талатўплар бошланмасидан олдин оиламни олиб, бу ерларни тарк этмаганим. Албатта, инсон ўз ватани ҳақида бундай гапларни айтиши дуруст эмас. Лекин мен баландпарвоз гаплар гапирадиган ёки фақат ўзимни ўйлайдиган аҳволда эмасман. 6 нафар фарзандим бор, уларнинг 4 нафари қизларим. Катталари балоғатга етиб қолишди...

Мен уларни бугун яшириб ўтирибман! Ота учун бундай ҳадикдан даҳшати борми, айт?!” дейди суҳбатдошим.

– Ёсин ака, айнан нимадан хавфсираяпсиз, «Толибон» вакиллариданми?

– Ҳамма-ҳаммадан! Мен айнан кимнидир айблашдан тийиламан, лекин биласанми нима – яхшими, ёмонми, ҳукумат, тизим давлатни бошқариши керак, қандайдир қоидалар ва аниқлик бўлиши шарт. Ҳозир буткул издан чиққан вазиятда исталган одам истаганини қиляпти. Масалан, бир аҳмоқ қўлида автомати билан бир оилага бостириб кириб, бор ҳунарини кўрсатяпти, ким унга чора кўради?! Афғонистон жафокаш мамлакат деб 40 йилдан ортиқ гапирилди, охир-оқибат бадтар жафокаш ҳолга келтирилди.

– Кобулдаги бугунги вазиятни тасвирлаб бера оласизми?

– Вазият буткул издан чиққан. Егулик қиммат, дори-дармон танқис, ташкилотлар ишламаяпти, кўчада полиция йўқ, тартиб йўқолган, ҳатто шифохоналар ҳам ишламаяпти. Бунга қадар бир нонни 10 афғонийга олардик, бугун 20 афғонийга чиқиб кетди ва энг ёмони – танқислик бошланган. Деярли ҳамма озиқ-овқат тури камида икки баробарга қимматлаган.

Лекин юқорида айтганимдек ҳозир мени биринчи навбатда ўйлантираётган нарсалар булар эмас. Болаларимни соғ-саломат олиб чиқиб кета олсам бас! Ёши 90дан ўтган онам бор, ўрнидан қўзғалиши қийин. Онамни қандай олиб кетаман, тасаввур ҳам қила олмайман. Менга далда бериш учун “болам, кетавер, бир кунимни кўрарман” дейди. Лекин қолдирадиган одамнинг ўзи йўқ, онам менсиз нима қилади?

Уйимдан узоқлашиб кета олмайман, қизларимдан хавотирланаман. Аммо чўкаётган одам хас-чўпга ёпишганидек ҳар куни кўчага чиқиб, бу ердан чиқиб кетишнинг йўлларини излайман. Мана шу видеолавҳада кўрганингиз – менман! Девор устидаги хорижий аскарлар, улар бизни аэропортга киришдан тўсиб туришибди. Биз кириб, қўлимиздаги ҳужжатларни кўрсатиш имкониятимиз ҳам йўқ. Остимиздаги сувга эътибор бер – бу ариққа ҳожатхоналардан чиққан ахлатлар оқизиляпти. Бир марта омадим келиб ариқнинг уёғига ўта олдим, оилангни олиб келавер, дейишди. Бироқ оиламга хабар бера олмадим, улар ўзлари кела олишмасди ҳам. Ўзим қайтиб бориб олиб келсам, ҳамма йўллар яна ёпилган экан...

– Уй-жойингизни нима қилмоқчисиз, наҳот шунчаки ташлаб кетмоқчи бўлсангиз?

– Бошқа иложим борми? Кобул кўчалари уйидаги бор-будини олиб чиқиб сотишга уринаётганлар билан тўла. Лекин бирорта харидорнинг ўзи йўқ. Кўпчилик бор мол-мулкини, уй-жойини ташлаб қочиб кетишга улгурди. Менинг кўзимга ҳозир эсон-омон чиқиб кетишдан ўзга ҳеч нарса кўринмаяпти. Кўчада калтакланаётган аёлларни кўриб юрагим эзилади, лекин аралаша олмайман.

Ўзбекистонга борган, фарзандларим билан истироҳат қилган кунларимни кўзда ёш билан эслайман. Ўзбекистонликларга айтар сўзларим бор – бу тинчликнинг қадрини мана мендан сўранг. Фарзандлари, айниқса қизлари ҳаловати олдида ўзининг ҳаёти, бизнеси, мол-мулки кўзига кўринмаган отадан сўранг!

Ватанингизда болаларим билан ҳеч бўлмаса вақтинча яшаб туриш учун бор-будимни берардим. Бизга ёрдам беринг! Юқорида айтганимдек, энг даҳшати эртанги кун мавҳумлиги. Пешонамиздаги ёзуғимиз нима – билмайман...

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди

Мавзуга оид