Ўзбекистон | 19:00 / 02.09.2021
17541
8 дақиқада ўқилади

“Қизил” ҳудудни тарк этган Шофиркон: Ёш ва шижоатли раҳбарлар билан туман “яшил” ҳудуд бўлишга интилмоқда

Бухоро вилоятига навбатдаги сафаримиз Шофиркон туманига бўлди. Туман саноатлашмаган, асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, пахта, ғалла ва узум етиштиришга ихтисослашган. Шу сабабли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари бўйича туман вилоятдаги бошқа туманлардан орқада қолган эди.

Бухоро вилояти туманлари раҳбарлари ичидаги энг ёш ҳоким, 2020 йилнинг феврал ойида иш бошлаган 37 ёшли Шукурулло Ҳакимов бизни ҳокимлик биноси фойесида кутиб олди.

Қайд этиш лозимки, 2019 йил якунлари бўйича туман республикадаги бошқа 33 та туман сингари иқтисодий-ижтимоий ривожланиш бўйича “қизил” ҳудудга киритилган эди. Туманга Шукурулло Ҳакимов раҳбар этиб тайинлангач, унинг олдига туманни кўтаришдек қийин вазифа қўйилган.

Шофиркон тумани ҳокими Шукурулло Ҳакимов

Шукурулло Ҳакимов туманда саноатлаштириш даражасини кўтариш бўйича ўтган даврда нима ишлар қилинганини санаб берди. Чунончи, ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2016–2020 йилларда 32 та саноат лойиҳалари амалга оширилиши эвазига 2020 йил якунида 621,4 млрд сўмни (ўсиш суръати 134,8 фоиз) ташкил қилган.

Туман ҳокими инфраструктурани яхшилаш учун бир талай ишлар амалга оширилганини таъкидлаб ўтди. Ички йўлларни яхшилаш доирасида йўллар таъмирланди. Жумладан, 26 км йўл асфальтлаштирилиши назарда тутилган ҳолда, 125 км йўлга асфальт ётқизилган. Яна шунча тупроқ йўлларда ҳомийлар ҳисобидан шағал ётқизилган.

Ҳоким кабинетида туманнинг улкан харитаси осиғлик турарди. Бунинг боисини сўрадик.

Шукурулло Ҳакимовнинг сўзлаб беришича, тумандаги суғориладиган экин майдонларининг контурлари биттама-битта шу харитага жамланган. Қайси ҳудудда фермер қайси контурга нима экиши кераклигини ҳоким адашмасдан айтиб бера олади. Туманда бу борада ҳам ишлар ўлда-жўлда бўлган. Ҳозир ҳаммаси тартибли, ҳеч ким ҳеч кимни алдай олмайди.

Туман ҳокимлиги ҳеч қандай панжара билан ўралмаган. Фуқаро қийналмасдан раҳбарлар ҳузурига кира олади. Ҳокимлик биносидаги кабинетлар барча янги таъмирдан сўнг ойнаванд қилиб ясалган. Коридор бўйлаб юрар экансиз, қайси бўлимда ким нима иш қилиб турганини бемалол кўрса бўлади. 

Шу куни туманда инвестиция дастурига тушган ва тўлиқ таъмирланган 2 та мактаб ва қишлоқ оилавий поликлиникасининг очилиши бўлди. Биз байрам тадбирларига йўл олар эканмиз, йўл йўлакай ҳокимни яна саволга тутдик.

— Ўзингиз шофирконликмисиз?

— Ҳа шу туманда туғилиб, ўқиганман. Мактабда ўқишни битириб, Тошкентда молия йўналишида олий таълим олгач, асосан банк соҳасида ишладим. Туманга фақат меҳмондек келиб кетган эканман, энди эсласам. Бу ердаги муаммолар, халқни нималар қийнаётгани, ташвишга солаётганидан бехабар эдим.

— Хўш, ҳокимлик лавозимининг бир йилидан сўнг таассуротларингиз қандай?

— Банкка мурожаат қилиб келувчиларнинг аксарияти тадбиркорлар бўлишади. Уларнинг талаби, муаммолари ҳам шунга яраша бўлади. Ҳоким халқнинг барча қатламларининг муаммоларини ҳал қилувчи раҳбар бўлар экан. Камбағалликни қисқартириш, кам таъминланган оилаларнинг турмуш фаровонлиги даражасини ошириш. Банкка бунақа одамлар келмасди-да.

— Айтинг-чи, «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари» деган нарсалар жорий қилинди. Уларни қўллашдан мақсад нима?

— Илгари кам таъминланган оилалар мурожаати сайёр қабулларда ўрганиларди. Лекин кам таъминланган, ногиронлиги бор, ишсиз ёшлар ва аёллар, камбағалларнинг ҳаммаси ҳам мурожаат қилмасди. Дафтарларга ана шундай оилаларнинг ҳар бири киритилган. Уйма-уй юриб. Мурожаат қилиш-қилмаслигидан қатъи назар. Биз ана шундай оилаларга ва фуқароларга ташкилотларни бириктирамиз. Уларни камбағалликдан чиқариш, иш билан таъминлаш чораларини кўрамиз. Масалан, иккинчи экин экиш учун ғалладан бўшаган майдонлардан ажратиб берамиз.

— Иккинчи экин учун фермерларнинг еридан ажратиб бериш жараёни қандай кечяпти? Умуман, ёшлар унумли фойдалана олишяптими бундай имтиёздан?

— Ўзим ҳар куни эрталаб туман далаларини айланиб чиқаман. 70 фоиз ёшлар оиласи билан, ерга меҳр қўйиб ишлаб даромад кўрмоқда. 30 фоизи эплолмасдан ташлаб кетмоқда. Айрим ёшлар кўп йиллик дарахт экиш учун ер сўрашади. Бунинг иложи йўқ. Чунки ер дарахт экиш учун ажратилмайди. Ўзига бирор маҳсулот етиштириш учун ёки чорваси учун ем-хашак етиштириш учунгина ажратилади.

Рақамларга эътибор берамиз: Туманда 539 та оиланинг 1919 нафар камбағал фуқаролари «темир дафтар»га киритилган бўлиб, уларнинг 434 нафари меҳнатга лаёқатли ишсизларни ташкил қилади.

Ушбу фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида туман сектор раҳбарлари ва масъул ташкилотлар билан биргаликда олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 436 та оиладаги 406 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг бандлиги таъминланиб, улардаги 1560 нафар фуқаролар «темир дафтар» дан чиқарилди.

Бугунги кунда «темир дафтар»нинг янгиланган рўйхатида 103 та оиланинг 359 нафар камбағал аъзолари ва 27 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлари қолди.

2021 йил январь-март ойлари давомида ишчи гуруҳи томонидан «аёллар дафтарига» киритилган 1859 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланиб, ижтимоий ва моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Жорий йил бошидан 3132 нафар ёшларнинг хохиш-истакларини қўллаб-қувватлаган ҳолда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Ҳамда «ёшлар дафтари»да турган 3098 нафар ёшларнинг доимий бандлиги таъминланди.

Шу куни инвестиция дастури бўйича туманда тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилган 33- ва 30-мактабларнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтди. Маҳаллий аҳоли ва ўқувчилар албатта бу хайрли ишлардан хурсанд. Миллий урф-одатларимизга кўра қурилиш ишларини сидқидилдан бажарган қурувчиларга тўнлар ёпилди.

Айтишларича, Шофиркон тумани тарихида бўлмаган ишлар бўлган: Тумандаги барча 56 та мактаб бу йил тўлиқ таъмирланибди ва болажонларни бағрига қабул қилишга тайёр.

Шу куни тўлиқ таъмирдан чиқарилган 46-оилавий поликлиниканинг очилиш маросими ҳам ўтказилди. Поликлиника очилиш маросимида шу ерда истиқомат қилувчи онахонлардан бири ҳокимни қучоқлаб миннатдорчилик билдирди. Маълум бўлишича, туман ҳокими ҳомийларни жалб қилиб, ҳашар йўли билан ногирон фарзанди билан истиқомат қиладиган онахоннинг нурай деб турган уйини тўлиқ янгидан қуриб берибди.

Туманда аҳоли саломатлигини яхшилаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасининг 5 қаватли замонавий биноси янгидан барпо этилмоқда. Қайд этилишича, бунақаси Бухоро вилоятида ҳозирча ягона бўлар экан.

Шу куни бутунлай янги қиёфа касб этган Мингчинор маҳалласида туман аҳолиси учун мустақилликнинг 30 йиллик байрами тантаналари ўтказилди.

Ҳоким бу маҳалланинг ободонлаштирилиши ҳақида ҳам гапириб берди. Бир пайтлар узумчиликка ихтисослашган совхоздан йиллар оша одамлар кўчиб кетишган уйлар ва инфраструктура вайрон аҳволга келиб қолган бўлган. “Обод маҳалла” дастури доирасида тўлиқ таъмирланган ва ободонлаштирилган Мингчинор бугун янгича кўринишга эга бўлди.

Бу ердаги майдонда тумандаги барча маҳаллалар ва ташкилотлар ўзларининг павильонларини ташкил қилишди. Кечқурун икки мингдан зиёд томошабинлар қаршисида таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури ўтказилди.

Бир сўз билан айтганда, Шофирконда ёш раҳбарлар мамлакат раҳбарининг белгилаб берган ислоҳотларни оғишмай амалга ошираётганига гувоҳ бўлдик. Муҳими, шофирконликлар ёш раҳбарларининг амалга ошираётган ишларидан хурсанд, қарияларнинг қўллари дуода.

Шуҳрат Шокиржонов,
Исомиддин Пўлатов. (T)

Тасвирчилар:
Жаҳонгир Алибоев,
Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид