20:40 / 01.11.2021
5621

G20 лидерлари трансмиллий корпорациялар учун 15 фоизлик ягона солиқ ставкасини жорий этишга келишишди

Мамлакатлар кўп йилдан буён Google, Apple, Meta, Amazon каби трансмиллий компаниялар офшорларда даромадларни декларация қилиб солиқдан қочиши эмас, кўпроқ солиқ тўлашларини истаб келишаётган эди.

Фото: Getty Images

G20 мамлакатлари Римда ўтаётган саммитда якуний декларацияни қабул қилишди. Улар трансмиллий корпорацияларлар учун 15 фоизлик глобал солиқ жорий этиш таклифини маъқуллашди, деб ёзмоқда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) расмий сайти.

Катта йигирматалик саммитидан аввал бу ғояни жаҳон ЯИМининг 90 фоиз улуши тўғри келадиган 136 та мамлакат ва юрисдикциялар қўллаб-қувватлашган эди.

15 фоизлик солиқни қайси мамлакатда рўйхатдан ўтганидан қатъи назар, йилига 750 миллион евро тушумга эга компаниялар тўлашади. Ҳужжатда G20 давлатлари «янада барқарор ва адолатли халқаро солиқ солиш тизими қуриладиган» бу ташаббусни «тарихий ютуқ» деб аташмоқда.

«Мен тўрт йил давомида трансмиллий компаниялар учун халқаро солиқ солиш тизими жорий этилиши учун курашдим. Бугун бу содир бўлди!» — деган Франция президенти Эммануэл Макрон.

«Минимал корпоратив солиқ — бу катта муваффақият, бу адолатнинг аниқ сигнали», — деган Германия канцлери вазифасини бажарувчи Ангела Меркел.

АҚШ президенти Жо Байденнинг фикрича, келишув «жаҳон иқтисодиётини ўзгартиради».

Кутилишича, 15 фоиз миқдоридаги солиқ корпорация офислари рўйхатдан ўтган давлатлар бюджетларига қўшимча 150 миллиард АҚШ доллари даромад келтиради. Агар компания ҳужжатга қўшилмаган «солиқ гўшаси»да рўйхатдан ўтадиган бўлса, у мамлакатдаги солиқ ва бош офиси жойлашган давлат бюджетига 15 фоизлик солиқ ставкаси фарқини тўлаб беради.

Бу ислоҳот 2023 йилдан ишга тушади. У 12,5 фоизлик солиқ туфайли Ирландияда рўйхатдан ўтган Apple, Google ва Facebook (Meta) компанияларини ҳам қамраб олади.

Top