19:48 / 04.11.2021
33806

Вице-президент, директор, мураббий, бош ҳакам, чойхона иш юритувчиси, қиморбоз. 10 йил аввал ОФК кубогини ютган «Насаф»чилар ҳозир қаерда?

Фото: Насаф ФК

Қаршининг «Насаф» жамоаси 5 ноябрь куни ўзбек футболининг халқаро майдонда сўнгги йиллардаги энг катта муваффақиятини қайд этиши мумкин. Рўзиқул Бердиев шогирдлари шу куни ОФК кубоги финалида Баҳрайнда «Ал-Муҳаррақ» жамоасига қарши саф тортади. Эътиборлиси, ўзбек клубларининг Осиёдаги энг муваффақиятли юриши ҳали-ҳамон айнан «Насаф»га тегишлидир. Воҳаликлар роппа-роса 10 йил аввал – 2011 йилнинг кузида ОФК кубоги финалида Анатолий Демьяненко мураббийлигида «Кувайт СК» жамоасини мағлуб (2:1) этиб, халқаро майдондаги илк совринга эга чиқишганди. Tribuna.uz финал олди 10 йил аввалги финални эслаб, ўша қаҳрамонлар қандай тақдирлангани, «Насаф»ни ўз тарихида илк марта чемпионга айлантирганлар ҳозир нима билан банд эканига қизиқди.

19та автомашина. Нуриддин Зайниев ва Алишер Султонов чемпионлик учун қандай ваъда берганди?

2011 йил, 29 октябрь. Самарқанддан бир гуруҳ журналистлар билан Қаршига етиб келдик. Ўйиндан 3-4 соат аввал «Марказий» ўйингоҳ атрофи фақат қашқадарёлик эмас, қўшни вилоятлардан ҳам келган мухлислар билан гавжум, чипталар чайқовчилар қўлига чиқиб, 2-3 баравар қимматлашган. ОФК томонидан ОАВ аккредитациясидан ўтказилганимизга қарамай, тумонат мухлислар орасидан стадионга бир амаллаб кирдик. Ўйин бошланишидан аввал Қашқадарё футболи асосчиси бўлмиш вилоят ҳокими (марҳум) Нуриддин Зайниев, «ШўртанГазКимё» комплекси раҳбари, «Насаф» президенти Алишер Султонов футболчилар билан учрашган бўлса, кўп ўтмай ЎФФ президенти (марҳум) Мираброр Усмонов ОФК президенти Жанг Жи Лонг билан стадионга кириб келди ва финалдан кейин ҳам айнан улар ғолибларни тақдирлашди.

Маълум бўлишича, финалдан олдин клуб раҳбарияти томонидан «Насаф» футболчиларига катта мукофот ваъда қилинган ва ОФК кубоги қўлга киритилгач, ваъдага вафо қилиб, номдор таркибни бошқарган Демьяненко қўл остидаги футболчиларга 18та «Spark» ва мураббийга битта «Epica» автомобили мукофот тариқасида совға қилинган. Хўш, 10 йил аввалги «Насаф» аъзолари ҳозир қаерда?

Мурод Зуҳуров
2011 йил: 
Дарвозабон
Ҳозирда: Дарвозабонлар мураббийи

2011 йил «Насаф» дарвозасини қўриқлаган Мурод Зуҳуров ўша мавсумда Михаил Наумов Дмитро Козаченко ва Элдор Суюнов билан асосий таркибдаги ўрин учун кураш олиб борган ва бош мураббий Анатолий Демьяненко «Кувайт СК»га қарши финалда айнан 27 ёшли дарвозабонга ишонч билдирганди. Мурод ҳам ишончни оқлай олган.

Кейинчалик «Бунёдкор»га қайтган Зуҳуров, 2019 йилда футболчилик фаолиятини якунлади. 38 ёшли собиқ футболчи ҳозирда «Бунёдкор-2» жамоасида дарвозабонлар мураббийи сифатида ишламоқда.

Ботир Қораев
2011 йил: 
Ҳимоячи, сардор
Ҳозирда: «Насаф» спорт директори 

«Насаф»нинг узоқ йиллик сардори саналмиш Ботир Қораев ўша номдор таркибда ҳам ўз ўрнига эга эди. Чап қанот ҳимоясида тўп сурган 30 ёшли ҳимоячи ОФК кубогининг Қаршида қолишига муносиб ҳисса қўшган.

Қашқадарёлик собиқ футболчи ҳозирда «Насаф» клуби спорт директори сифатида фаолият юритмоқда. Қораев 5 ноябрь куни клуби билан иккинчи марта ОФК кубоги медалига эга чиқиши мумкин.

Мақсуд Каримов
2011 йил: 
Ҳимоячи
Ҳозирда: «Хоразм» клуби директори

«Насаф»нинг яна бир содиқ ўйинчиси бўлган Мақсуд Каримов Демьяненко қўл остида ҳам ҳимоя қўрғонининг асосий устунларидан бири эди. Турнир давомида ҳам барқарорлик кўрсата олганди.

Хоразмлик футболчи Қарши клубида 10 йилдан ортиқ вақт давомида тўп суриб, ҳозирда Урганч клуби директори сифатида ишламоқда.

Боян Малишич
2011 йил: 
Ҳимоячи
Ҳозирда: жамоасиз

Сербиялик 25 ёшли ҳимоячи Боян Малишич «Насаф»нинг етакчи ҳимоячиси сифатида ОФК кубогининг энг яхши ўйинчиларидан бирига айланган эди. У турнирда ўтказган 10та ўйинида ҳам ишончни оқлаганди.

Қарши жамоасидаги муваффақиятли ўйинларидан кейин Украинанинг «Говерла» клубидан таклиф олган Малишичнинг омади юришмади. Сўнгги йилларда Ҳонгконг ва Индонезия клубларида тўп сурган Боян айни дамда жамоасиз саналади. 36 ёшли ўйинчи яқин орада фаолиятини якунласа, ажабмас.

Жаҳонгир Жиямуродов
2011 йил: 
Ҳимоячи
Ҳозирда: Янгиер футбол мактаби мураббийи

Сирдарёлик футболчи фаолиятидаги энг ёрқин лаҳзаларни айнан «Насаф»да ўтказди. Ўнг қанот ҳимоячиси 2011 йилда қаршиликларнинг энг барқарор ўйинчиларидан бирига айланган ва мавсумни бир текисда ўтказганди.

Фаолиятини 31 ёшда якунлашга қарор қилган Жиямуродов 3 йилдан буён мураббийлик билан шуғулланмоқда. Жаҳонгир ҳозирда Янгиер футбол мактабида мураббий сифатида ишламоқда. Аввалроқ, у қуйи лигада «Зомин» ва «Рубин» клубларини бошқарганди.

Эркин Бойдуллаев
2011 йил: 
Таянч яримҳимоячиси
Ҳозирда: «Қизилқум» клуби яримҳимоячиси

Суперлиганинг сўнгги 10 йилликдаги энг барқарор ўйинчиларидан бири бўлиб келаётган Эркин Бойдуллаев ОФК кубогини қўлга киритишда «Насаф»нинг энг муҳим фигураларидан бирига айланган. 2011 йилги мавсум олдидан вилоят ҳокими Нуриддин Зайниев таклифига кўра, Илҳом Юнусов билан бирга «Динамо»дан «Насаф»га ўтган ушбу яримҳимоячилар майдон марказини эгаллашганди. Финалда асосий таркибдан жой олган 25 ёшли Бойдуллаев майдонда катта ҳажмдаги ишларни бажарарди. Финалда ҳам энг яхши ўйинларидан бирини ўтказган эди.

Эркин меҳнатсеварлиги эвазига ҳозирда 36 ёшда бўлишига қарамай, «Қизилқум» сафида Суперлиганинг энг ёрқин ўйинчиларидан бири бўлиб турибди.

Лутфулла Тўраев
2011 йил: 
Яримҳимоячи
Ҳозирда: «Бунёдкор» яримҳимоячиси

Финалда майдон марказида Бойдуллаевга тандем бўлган Лутфулла Тўраев ҳақида ҳам фақат илиқ фикрлар билдириш мумкин. Ўша мавсум 22 ёшли ўйинчи ОФК кубогида 12та ўйинда майдонга тушиб, 4та муҳим голга муаллифлик қилганди. Ҳал қилувчи ўйинда ҳам плеймейкер сифатида яхши ўйин намойиш этганди.

Қаршидаги фаолиятидан кейин «Локомотив», ОКМК клубларида ҳам тўп сурган 33 ёшли яримҳимоячи ҳозирда «Бунёдкор» сафида мавсумни яхши ўтказмоқда.

Артур Геворкян
2011 йил: 
Яримҳимоячи
Ҳозирда: «Ахал» клуби футболчиси

Ўзбек футболидаги энг муваффақиятли легионерлардан бири Артур Геворкян «Насаф»нинг турнирда чемпион бўлишига катта ҳисса қўшган ўйинчилардан бири саналади. Туркманистонлик яримҳимоячи ўша мавсумда 12 ўйинда майдонга тушиб, 4та голга муаллифлик қилди. Финалда ҳам Андрей Переплёткинс голига ассистентлик қилганди.

Сўнгги йилларда «Локомотив», «Қизилқум» ва Индонезияда фаолият юритган 36 ёшли футболчи жорий мавсум бошида ўз юрти Туркманистонга қайтиб, «Ахал» клубида фаолиятини давом эттирмоқда.

Андрей Переплёткинс
2011 йил: 
Яримҳимоячи
Ҳозирда: Жамоасиз

Англиянинг «Саутҳемптон» клуби собиқ ўйинчиси саналмиш Андрей Переплёткинс «Насаф» сафида ажойиб мавсумни ўтказиб, ОФК кубогида 12 ўйинда 4та голга муаллифлик қилганди. Айнан унинг «Кувайт СК» дарвозасига киритган чиройли голларидан бири «Насаф»га кубокни тақдим этганди.

Ўзбекистондаги фаолиятидан кейин Эстония, Арманистон, Латвия ва Литвада тўп сурган таниқли футболчи фаолиятининг сўнгги йилларида можароли ишларга аралашиб қолди. Латвиялик ўйинчи Литва чемпионати биринчи лигасидаги «Купишкис» клубида 2020 йилда келишилган ўйинларда қатнашгани ва тотализатор ўйинларидаги бевосита иштироки учун Литва футбол федерацияси томонидан жамоаси билан бирга ярим йилга футболдан четлатилди. Кўп ўтмай, ЛФФ дисквалификацияси ФИФА доирасида ҳам кўриб чиқилиб, «Купишкис» жамоаси аъзоларининг қимор ўйинларда қатнашган 5 нафар ўйинчисининг дисквалификациясига халқаро мақом берилди. Ўйинчилар орасида Переплёткинс ҳам бўлиб, шу воқеадан сўнг у жамоасиз қолиб кетди.

Илҳом Шомуродов
2011 йил: 
Ҳужумчи
Ҳозирда: Тадбиркор

ОФК кубоги финалида ҳужум чизиғида тўп сурган Илҳом Шомуродов ўша мавсум турнирда 9 ўйинда майдонга тушиб, 3 марта рақиб дарвозасини ишғол этганди.

Голлардан бирини финалда Геворкяннинг узатмасидан кейин киритган эди.

2017 йил 33 ёшида футболчилик фаолиятини «Насаф» сафида якунлаган сурхондарёлик собиқ ҳужумчи ҳозирда футбол соҳасида эмас. Элдор Шомуродовнинг амакиси саналмиш Илҳом маълумотларга кўра, ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

Иван Бошкович
2011 йил: 
Ҳужумчи
Ҳозирда: Мураббий

Финалда «Насаф» асосий таркибида тўп сурган Иван Бошкович ўша мавсумда кашфиётга айланди. 28 ёшли черногориялик форвард «Насаф» сафида ОФК кубогида 10та голга муаллифлик қилган. Шу тариқа турнир тўпурарига ҳам айланган Бошкович фаолиятидаги энг ёрқин лаҳзаларни айнан Қаршида ўтказди.

Шундан сўнг Таиланд ва Черногория клубларида ҳам тўп сурган Иван 2018 йилда фаолиятини якунлади. 39 ёшли Бошкович яна Ўзбекистонга қайтиб, ҳозирда иккинчи лигадаги «Бунёдкор» ёшлар жамоасига мураббийлик қилмоқда.

Захира таркибидан ўрин олганлар:

Фозил Мусаев
2011 йил: 
Яримҳимоячи
Ҳозирда: «Турон» жамоаси сардори

«Кувайт СК»га қарши финалда Илҳом Шомуродов ўрнига захирадан майдонга тушган 22 ёшли Фозил Мусаев ўша турнирда жами 4 ўйинда тўп сурган эди.

ОФК кубогидаги чемпионликдан сўнг «Бунёдкор»га ўтган Фозил 2014-2020 йилларда Қатар, Эрон ва Япония клубларида фаолият юритди. Орада 2016 йил «Насаф» сафида ҳам тўп сурди.

2021 йил бошида Япониядан Ўзбекистонга қайтган 32 ёшли Мусаев бу мавсум «Турон» сафида тўп суриб, жамоаси билан Про лигага тушиб кетишга яқин турибди.

Артём Филипосян
2011 йил: 
Ҳимоячи
Ҳозирда: «Муангкан Юнайтед» ҳимоячиси

ОФК кубоги финалида Иван Бошковичнинг ўрнига захирадан майдонга тушган 21 ёшли ҳимоячи Артём Филипосян ўша мавсум турнирда 6 ўйинда майдонга тушганди.

Қаршидаги фаолиятидан кейин «Бунёдкор», «Локомотив», «Динамо», «Бухоро» клубларида тўп сурган Артём Филипосян сўнгги йилларда Таиландда фаолият юритмоқда. 33 ёшли футболчи ҳозирда мамлакат қуйи лигасининг «Муангкан Юнайтед» клубида тўп сурмоқда.

Михаил Наумов
2011 йил: 
Дарвозабон
Ҳозирда: «Шўртан» дарвозабонлар мураббийи

25 ёшли Михаил Наумов 2011 йилда ОФК кубогида 10 марта захира ўриндиғидан жой олган бўлса-да, турнирда дарвозани қўриқламаган.

Михаил «Насаф»дан ташқари, «Машъал», «Шўртан», «Сўғдиёна», «Динамо» жамоалари шарафини ҳимоя қилиб, ҳозирда Ғузорнинг «Шўртан» клуби дарвозабонлар мураббийи сифатида ишламоқда.

Аҳрол Рисқуллаев
2011 йил: 
Ҳимоячи
Ҳозирда: Бош ҳакам

2011 йилда «Насаф» сафида ОФК кубогида бор-йўғи битта баҳсда майдонга тушган марказий ҳимоячи Аҳрол Рисқуллаев финалда захира ўриндиғидан жой олган ва якунда олтин медални қўлга киритганди.

«Насаф»дан кейин «Динамо»га ўтган Аҳрол жиддий жароҳати сабабли фаолиятини 30 ёшида якунлашга мажбур бўлди. Шундан сўнг ҳакамлик фаолиятини бошлаган Рисқуллаев ҳозирда Суперлигада бош ҳакам сифатида муваффақиятли ишламоқда.

Носир Отақўзиев
2011 йил: 
Ҳужумчи

Ҳозирда: Фарғона вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти

Носир Отақўзиев 2011 йилда ОФК кубогида жами 10та ўйин ўтказиб, 5та гол киритганига қарамай, финалда захира ўриндиғида қолдирилган. 26 ёшли фарғоналик ҳужумчи «Бунёдкор» чемпионлиги билан тугаган 2011 йилги Олий лигада «Насаф»нинг кумуш медалга эга чиқишида муносиб ҳисса қўшганди.

Қаршидаги фаолиятидан кейин ОКМК, «Гулистон», «Нефтчи» ва «Қўқон-1912» клублари шарафини ҳимоя қилган Отақўзиев 2019 йилда «бутсасини михга илиб», ҳозирда Фарғона вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти сифатида ишламоқда.

Шуҳрат Мирхолдиршоев
2011 йил: 
Ҳужумчи

Ҳозирда: Наманган вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти

Наманганлик ҳужумчи 2011 йилда ОФК кубогида жами 5 ўйинда 2та голга муаллифлик қилганди. Финалда эса таркибдан ўрин олмади. Мирхолдиршоев «Насаф»даги фаолиятидан кейин бир муддат водий клубларида тўп сурди. Аммо жароҳат сабабли фаолиятини 34 ёшида якунлади. 39 ёшли Шуҳрат икки йилдан буён Наманган вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти сифатида фаолият юритмоқда.

Мирзакамол Камолов
2011 йил: 
Яримҳимоячи
Ҳозирда: Чойхона бошқарувчиси

Тезкорлиги билан ажралиб турувчи Мирзакамол Камолов 2011 йилги мавсум «Насаф» сафида ОФК кубогида 6 ўйинда майдонга тушиб, битта гол ва 2та голли узатмага муаллифлик қилган. 2013 йилда «аждарлар» сафини тарк этган Камолов «Нефтчи», «Андижон», «Шўртан», «Машъал», «Сурхон» клублари шарафини ҳимоя қилди. 2020 йилда 33 ёшида фаолиятини якунлаган Мирзакамол ҳозирда Тошкентдаги «Чойхона 25» иш юритувчиси сифатида ишламоқда.

Илҳом Юнусов
2011 йил: 
Яримҳимоячи

Ҳозирда: Самарқанд футбол ассоциацияси техник директори

«Насаф»нинг муҳим ўйинчиларидан бири бўлган Илҳом Юнусов ОФК кубогида 5 ўйинда майдонга тушиб, 2та гол ва 2та ассистга муаллифлик қилган.

2015 йилда Қарши клубини тарк этган самарқандлик футболчи «Динамо» ва «Қизилқум» клубларида тўп суриб, 2019 йил 37 ёшида футболчилик фаолиятини якунлади. Илҳом Юнусов ҳозирда Самарқанд вилоят футбол ассоциациясида техник директор лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Кенжа Тўраев
2011 йил: 
Яримҳимоячи
Ҳозирда: «Насаф» академияси мураббийи

«Насаф» сафида порлаб чиққан Кенжа Тўраев 2011 йилда ОФК кубогида бор-йўғи 3та ўйинда майдонга тушган, финалда эса захирада қолганди.

Қарши клубидаги фаолиятидан кейин вилоятнинг «Машъал» ва «Шўртан» клубларида тўп сурган Кенжа Тўраев фаолиятини эрта якунлади. 32 ёшли собиқ футболчи ҳозирда «Насаф» клуби академиясида ёшларга устозлик қилмоқда.

Асрор Алиқулов
2011 йил: 
Ҳимоячи
Ҳозирда: «Шўртан» бош мураббийи

32 ёшли Асрор Алиқулов «Насаф» сафида турнирда 4 ўйинда майдонга тушганди. Аммо финалда таркибдан жой олмаган.

Алиқулов Қаршидаги фаолиятидан кейин «Динамо», «Шўртан» клубларида ҳам тўп суриб, 2016 йилда футболчилик фаолиятини якунлади. Тўрт йилдан буён мураббий сифатида ишлаётган собиқ футболчи ҳозирда «Шўртан» жамоаси бош мураббийи саналади.

Мураббийлар
Анатолий Демьяненко
2011 йил: 
Бош мураббий

Ҳозирда: Украина футбол федерацияси вице-президенти

«Насаф» жамоасидаги бир ярим йиллик фаолияти давомида бош мураббий сифатида тарихий натижа қайд этган Анатолий Демьяненко 2011 йил якунида Қарши клубини тарк этиб, 2012 йил бошида Украинанинг «Волинь» клуби бош мураббийига айланганди. Ҳозирга келиб Демьяненко Украина футбол федерацияси вице-президенти сифатида ишламоқда. 

Рўзиқул Бердиев
2011 йил: 
Ёрдамчи мураббий
Ҳозирда: «Насаф» бош мураббийи

10 йил аввал ОФК кубогини ёрдамчи мураббий сифатида ютган Рўзиқул Бердиев 2012 йилдан буён жонажон жамоасида бош мураббий сифатида муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.

ОФК кубогида мураббий сифатидаги иккинчи юришини амалга ошираётган 50 ёшли мутахассис ҳозирда аввалги номдор таркиб, жуда катта бюджетга эга бўлмаса-да, анча ёш таркибли «Насаф» билан яна финалга чиқа олди. Бу финалнинг қадр-қийматини Рўзиқул Бердиевдан яхшироқ англайдиган киши йўқ. Шундай экан, у шогирдлари билан ўзи бошлаган тарих зарҳал ҳарфлар билан битилишига ва йиллар ўтиб ғолиб сифатида эсланишига умид қилиб қоламиз.

Усмон Ибодов

Top