17:22 / 13.11.2021
35461

“Маҳаллабай” ҳоким ёрдамчиси лавозими: нега кўпчилик бу ишни хоҳламаяпти?

Маҳаллада доимий асосда фаолият юритувчи ҳоким ёрдамчиси лавозимига бошқа жойларда ишлаб турганлар мажбуран сафарбар қилинаётгани танқид ва норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Фотоколлаж: Kun.uz

Қачондир Хитой қўллаган “коммуна” моделига ўхшаб кетадиган бу усулнинг мақсади бир қарашда жуда яхши. Камбағалликни бу муаммо энг урчиган жойларнинг ўзида ҳал қилиш, аҳолини даромадга ўргатиш, ҳудудларни ривожлантириш ва энг муҳими – ишсизликни камайтириш каби режаларни мужассам қилади.

Ўзбекистонда кўпчилик тан олмаган жиддий муаммолардан бири бу қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовутнинг ўта кескинлашиб кетгани. Йирик шаҳарлардаги шароитларнинг аксарияти қишлоқларда йўқ. Қишлоқ боласи телевизордаги ярқироқ мактабларни кўриб ҳайратга тушса, шаҳар аҳли қишлоқлардаги пахса мактабларни кўриб даҳшатга тушади. Ҳудудлардаги тушкунлик, депрессив вазият янги муаммолар туғдиради – эркаклар даромад излаб оммавий равишда бошқа жойларга жўнашади, болалар отасиз катта бўлади, ишсизлик ичкиликбозлик ва жиноятга етаклайди, эртанги кунга ишончнинг сусайиши оммавий норозилик муҳитини яратади. Бир вақтлар қишлоқни бақувват қилиб турган деҳқончилик ва чорва ҳам ортга кетган, кўпчилик қўлини ювиб қўлтиғига урган.

Янги ғояга кўра, яхши мутахассислар уста менежер сифатида шундай жойларга бориб, одамларни меҳнат ва даромадга сафарбар қилишлари лозим.

Аммо яна услуб ўзимизга хос – буйруқ келди, мажбурлаб бўлса-да бажар, юқорига чиройли рақамлар билан ҳисобот бер, ўзинг тушунмасанг-да, бу дастурнинг нақадар зўр эканлиги бўйича маддоҳлик қил, нима қилиб бўлса ҳам вазиятдан чиқ.

Таъкидлаш лозим, ҳар қандай фуқарони қаердадир мажбурлаб ишлатиш мумкин эмас (суд ҳукми бўлмаса албатта). Ҳаммаси ихтиёрий бўлиши шарт.

Лекин нега кўпчилик “Маҳаллабай ҳоким ёрдамчиси” бўлмоқчи эмас? Лавозим талаш бўлмаяпти? Нафақат талаш бўлмаяпти, балки жуда кўпчилик бундан қочяпти? Сабабларини таҳлил қилиб кўрамиз.

  1. Мавҳумлик: Ҳали ҳеч ким бу лавозим эгаларини нима кутаётганини билмайди. Улар ҳокимларнинг навбатдаги сўкиш объектларига айланиб қолиш эҳтимолини ҳис қилишмоқда.
  2. Ваколатлар ноаниқлиги: Ҳудудларда муаммолар қалашиб ётибди, ҳоким ёрдамчилари боришлари билан аҳоли уларни муаммога кўмиб ташлайди. Хўш, дейлик свет ўчиши ёки газнинг ёнмаётганини билганидан сўнг ёрдамчи “электросеть” ёки “райгаз”га бош урадими, айтилган билан муаммо ечилиб қоладими, кимдир ҳоким ёрдамчисига бўйсунадими? Свет-газнинг йўқлиги ким учун янгиликки, уни етказувчи яна бир оғизга эҳтиёж бўлса. Қолаверса, маҳалла раиси билан субординация масаласи ҳам ҳозирча сўроқ остида.
  3. Ўзининг иссиқ ўрнидан, оиласи ўрганган қулайликлардан айрилиш: номзодларнинг аксарияти банкирлар, солиқчилардан иборат, яъни буйруқни сўзсиз бажарадиган, янги шароитларга дарҳол мослашишга ўрганган ҳарбийлар эмас. Қолаверса, икки йил давомида шу тартибда ишланилиши айтиларкан, бу муддат якунига кўра мутахассиснинг иш ўрни нима бўлиши ҳам номаълум. Икки йил ўз иш жойидан кетган ходим катта эҳтимол билан ўша ўрнини йўқотади.
  4. Даромаддан мосуво бўлиш: Бу энг жиддий сабаб. Бу ташаббусдан энг кўп норози бўлаётганлар тузукроқ суриштирилса, аксарияти иқтисодий блокда яхшигина даромад қилиб тургани маълум бўлади. Ҳудудларда банкирлар нимадан “нон ейиши” катта сир эмас, солиқчилар-ку инчунун. Энди улар учун реал хавф туғилди. Лекин бундай ёғли жойга ўтиришни эплаган устомонларнинг аксарияти бу кампаниядан ҳам “қутулиб қолиш” йўлини топмоқда.
  5. Улар боришмаган, уларга келишган: Шу пайтгача аҳоли бу одамлар ёнига бош эгиб, қимтиниб келган, илтимос қилган, ялинган. Энди бу кресло эгалари ўша одамлар ёнига бориб муаммосини ечиб бериши зарурлиги улар учун ақл бовар қилмас ҳолатдек кўринмоқда.

Умуман, қишлоқларда аҳолини даромадга ўргатиш кампаниялари қисқа тарих давомида бир неча марта ўтказилган. Товуқ, қуён, эчки тарқатилди, лимон экилди, иссиқхоналар қилиб берилди. Лекин бу ишлар ўлда-жўлда қолиб кетаверди. Ҳақиқий муҳтожнинг аҳволи ўзгармади, аммо кимларнингдир чўнтаги қаппаяверди. Аксинча, бойиши керак бўлган камбағалнинг бўйнига қарз илиниб, баттар қашшоқлашгани қолди.

Гумон борки, ҳоким ёрдамчилари мана шу муаммоларни ҳам ҳал қилиши керак. Яъни у ўзига ажратилган ҳудудга берилган пуллар учун масъулият юкланади, назорат қилинади ва натижа сўралади. Агар бу лавозим эгаси ишига сидқидилдан ёндашиб ҳаракат қилса, шубҳасиз, яхши самара кутиш мумкин. Акси бўлса, давлат учун яна бир емакхўр яратилгани қолади.

Юқорида бу ғоя учун андоза Хитой коммунасидан олинган, дедик. Хитойнинг “раҳнамо ота”си Мао Цзедун ўйлаб топган бу ғоя бўйича роса урҳо-ур қилинган. Катта ваъдалар берилган, жамоавий хўжаликка ўтилган, хусусий мулкдан воз кечишга уринилган. Бир неча йил жарангдор рақамлар билан алдаб турилган бўлса-да, якуний натижа аянчли бўлган – иқтисодиётнинг кескин орқага кетиши, оммавий очарчилик ва ҳисобсиз ўлимлар...

Кейинчалик бошқарув Дэн Сяопиннинг қўлига ўтиши билан аста-секин ишбилармонлик муҳити тикланган, аҳоли бой бўлиши орқали давлат бойиши тамойилига амал қилинган, одамларга буйруқбозлик билан эмас, ишлаш учун шароит яратиб бериш орқали камбағаллик бартараф қилинган. Ҳанузгача Хитойнинг бошқарув тизими на капиталистик, на социалистик. Яъни бу давлат айнан ўзига хос усул билан тараққиётга эришмоқда.

Узлуксиз ислоҳотлар даврини бошдан кечираётган Ўзбекистон ҳам синов ва хатолар усулида ўз йўлини топишга мажбур. Ҳозирча айнан одамлар даромад топишига эътибор қаратилган экан, янги ғоядан умид қилса бўлади. Бу ташаббус натижалари ҳам бир неча йил ичида маълум бўлади. Демак, яхши ниятда кутамиз.

Аброр Зоҳидов

Top