08:31 / 11.07.2022
5696

Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластери ташкил этилмоқда

Фото: Shutterstock

“Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери ташкил этилди. Нефть ва газ соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўзаро интеграциясини таъминлаш таълим кластери асосий фаолият йўналишларидан ҳисобланади.

Таълим кластери доирасида мактаб ўқувчиларини ишлаб чиқариш корхоналари учун устувор касбларга йўналтириш мақсадида: аниқ ва табиий фанлар бўйича ихтисослаштирилган ўқув режаси жорий қилинади; ишлаб чиқариш ташкилотлари томонидан мактаб ўқувчилари учун экскурсиялар ҳамда соҳа фахрийлари билан учрашувлар ташкил этилади.

Профессионал ва олий таълим ташкилотларининг ўқув жараёнини ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан интеграция қилиш йўналишида: фан ва мавзулар амалиётга йўналтирилади; талабаларда мустақил таълим олиш кўникмалари шакллантирилади; хорижий тилларда ўқитиладиган мутахассислик фанлари улуши оширилади.

2022/2023 ўқув йилидан таълим кластери таркибига кирувчи профессионал ва олий таълим ташкилотларида нефть ва газ соҳаси бўйича таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчилар ва талабалар учун ишлаб чиқариш корхоналари стипендиялари жорий этилади. 

Ишлаб чиқариш корхоналари камида 5 йил иш стажига эга ходимларини “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг тавсияномаси асосида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, кейинчалик ўзи ишлаб турган корхонада камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан ОТМ бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида мақсадли ўқитиш тартиби жорий этилади.

Top