17:26 / 08.08.2022
6912

Лига 1 клублар сонини камайтирмоқчи. Бошқа чемпионатлар ҳам шу йўлдан бориши мумкин 

2023/24 мавсумидан бошлаб Франция чемпионатининг (Лига 1) формати ўзгаради – жамоалар сони иккига камаяди. Бу ҳақда ўтган йили мамлакатнинг барча профессионал лигаларини бошқарадиган LFP ташкилоти хабар берган эди. 

Фото: Getty Images

2023 йил баҳорида тўртта клуб қуйи лигага тушиб кетади ва фақат иккитаси элитага чиқади. Сўнгра чиқиш-тушиш тизими аввалги шаклига қайтади: иккита клуб тушади ва иккитаси  чиқади плюс учинчи йўлланма учун плей-офф ўтказилади. 

Францияда бу формат аввал ҳам бўлган. 2002/03 мавсумига қадар лигада 18 та клуб ўйнаган, кейин уларнинг сони 20 тага етказилган. 

LFP президенти Венсан Лабрюн қарорнинг тўғри эканига ишончи комил: «Жуда яхши қарор, бу Франция футболидаги клублар ва футболчилар якдиллигини кўрсатади. Шунингдек, келажакда истиқболли ислоҳотларни амалга ошириш учун замин яратади». 

Нега янги форматга ўтилмоқда? 

Қисқартириш расман Чемпионлар Лигасидаги ислоҳотлар билан изоҳланяпти: 2024 йилдан бошлаб, гуруҳ босқичида олтита ўйин ўрнига ўнта ўйин ўтказилади. Лига 1 мусобақаси иштирокчилари сонининг камайиши эса етакчи клубларнинг юкламасини енгиллаштиради. 

Лига 1 раҳбарияти Андреа Аньеллининг («Ювентус» президенти ва Европа клублари ассоциациясининг собиқ раҳбари) стратегиясига амал қилаётгандек кўринмоқда. «Биз чемпионатларда рақобатбардош муҳитни сақлаш учун 20 та клуб жуда кўп деб ҳисоблаяпмиз», деган эди у. 

Аслида клубларни ТВ ҳуқуқлари бўйича олинадиган даромад хавотирга солиб қўйган. LFP президенти Венсан Лабрюн буни рўйирост тан олди: «Агар биз буни фақат футбол учун қиляпмиз десак, ёлғон гапирган бўламиз. Ҳақиқат шундаки, телевидение ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашгани туфайли ўйинлар сонини камайтириш керак». 

Нима воқеа юз берди? Францияда телевидение ҳуқуқлари билан боғлиқ катта муаммолар бор 

Яқинда Лига 1 раҳбарияти ишончли транслятор Canal+ билан шартнома имзолади. Бироқ, келишувдаги қийинчиликлар айнан турнир форматига бориб тақалди. Canal+ чемпионат ўйинларини тўлиқ сотиб олмасдан, фақат энг яхши баҳсларни намойиш этиб, камроқ пул тўлашни истади. Албатта бунга ҳеч ким рози бўлмади. 

Шунда Canal+ иккинчи вариантни таклиф қилди: чемпионат иштирокчилари сонини 16 ёки 18 тага қисқартириш. Ўйинлар сони камроқ, нарх ҳам арзонроқ.  

Бошқа топ-лигаларда вазият қандай? 

• Бундеслига. 2022 йил февраль ойида Германия Футбол Лигасининг (DFL) янги бош директори Доната Хопфен асосий мавсумдан кейин чемпионни аниқлаш учун плей-офф ўйинларини ўтказишни таклиф қилди. Сабаб - «Бавария» қаторасига 9 йилдан буён чемпионликни қўлдан бермаяпти, бу эса томошабинлар қизиқишининг пасайишига олиб келмоқда. Ҳозирча аксарият клублар бу таклифга қарши. 

• А Серия. Италия футбол федерацияси раҳбари Габриэле Гравина 2023 ёки 2024 йилдан бошлаб ғолибни аниқлаш учун плей-офф (4, 6 ёки 8 та жамоа бўлиши мумкин) ва қуйи лигага тушиб кетаётган клублар учун плей-офф ўтказишни таклиф қилди. Шунингдек, лигани 20 тадан 18 та клубга қисқартириш ғоясини илгари сурди. Сабаб – аксарият ўйинларга томошабинлар қизиқишининг йўқлиги ва ТВ ҳуқуқлар нархининг тушиб бораётгани. 

• Ла Лига. Испанияда ҳали аниқ режа йўқ. Аммо мамлакат футбол федерацияси Ла Лига раҳбари Хавьер Тебасга клублар сонини қисқартириш ва янги формат ҳақида ўйлашни таклиф қилган. Ҳозирча Тебас жим. 

Янги авлод учун футболнинг қизиғи йўқ 

2020 йилда Европа клублари ассоциацияси халқаро аудитория миқдори бўйича тадқиқот ўтказилишига буюртма берди. Натижалар хурсанд қиладиган даражада эмас. Буюк Британия, Испания, Германия, Польша, Нидерландия, Ҳиндистон ва Бразилияда 16 ёшдан 24 ёшгача бўлганлар орасида ўтказилган сўровномага кўра, уларнинг 40 фоизи «футболни ёмон кўради ёки умуман томоша қилмайди». Бу хавотирли кўрсаткич. Қачонлардир Америкада биринчи рақамли спорт тури бўлган бейсболнинг инқирози айнан томошабинлар қизиқиши пасайгани туфайли бошланган эди. 

«Фанатларимиз сонининг қисқаришига йўл қўймаслигимиз лозим. Футбол дунёдаги биринчи рақамли спорт позициясини бой бериши мумкин», деб ҳисобламоқда Эредивизи раҳбари Якко Скварт. 

«Нимадир қилишимиз керак, чунки ёшлар футболга қизиқмай қўйди. Улар футболни зерикарли деб ҳисобламоқда», – дейди «Реал» президенти Флорентино Перес. 

«Ҳозирги тизим ёшларнинг эҳтиёжига мос эмас. Футболда жуда кўп ўйинлар зерикарли ва рақобатсиз ўтяпти. Фанатларни сақлаб қолишимиз учун, уларга мана шу рақобатни беришимиз керак», дейди «Ювентус» раҳбари Андреа Аньелли. 

Футболга бўлган қизиқишнинг пасайиши ва унинг оқибатида ТВ ҳуқуқларидан олинадиган даромаднинг қисқариши – ислоҳотларнинг асосий сабабидир. 

Томошабинлар қизиқишининг пасайиши аллақачон ТВ ҳуқуқларидан олинадиган фойданинг қисқаришига сабаб бўлиб, футболга зарба бермоқда. 

  • Бундеслига 2020 йилда ТВ ҳуқуқлари бўйича янги шартномани имзолади. У олдингисига нисбатан 246 миллион еврога арзон. 
  • Францияда Canal+ 500 млн евролик шартномани имзолади, ваҳоланки, олдин унинг қиймати 1 миллиард еврога тенг эди. Хориж компаниялари ҳам Франция чемпионатига қизиқишни йўқотмоқда. 
  • Германияда хориж компанияларидан олинадиган даромад 20 фоизга қисқарди. 
  • Хитойнинг PPTV компанияси АПЛ билан имзолаган 564 млн фунтлик шартномани бекор қилди. Инглизлар ТВ ҳуқуқларини Хитойнинг Tencent компаниясига жуда катта чегирма билан сотишга мажбур бўлишди. 

Чемпионатга қизиқишни ошириш учун нималар қилиш керак? 

Оддий ва ишончли йўл йўқ. Баъзилар чемпионни аниқлаш учун плей-офф ўйинларини жорий қилишни таклиф этишмоқда. Аммо топ-клублар қарши. Чунки бир ўйиндаги йўл қўйилган хатоларнинг қиймати жуда баланд бўлади. 

Баъзилар клублар сонини қисқартиришни таклиф этишмоқда. Аммо лигалар ўйинлар сонининг камайиши орқали қўшимча даромаддан маҳрум бўлишни истамаяпти (ваҳоланки, даромадлар аллақачон камая бошлади). Катта эҳтимол билан ислоҳотларнинг дастлабки қадами мана шу йўлдан ташланади. 

Бошқалар лигаларни бирлаштириб, қўшма чемпионатни ўтказишни таклиф қилишяпти. Масалан, Бельгия ва Нидерландия чемпионатларини бирлаштириб, БеНиЛига тузиш режаси бир неча йиллардан буён кўриб чиқилмоқда. Аммо клублар еврокубоклар йўлланмаси тақсимоти қандай бўлиши ҳақида келиша олишмаяпти. 

Ҳозирча ислоҳотлар ҳақида эҳтиёткорлик билан гапирилмоқда. Бироқ бир нарса аниқ: футболга бўлган қизиқишнинг пасайиши муаммоси ўз-ўзидан йўқолмайди. Демак, ўзгаришлар юз бериши муқаррар.

Top