11:32 / 27.09.2022
4210

Суюрлитепа ёдгорлигидан илк ўрта асрларга оид монументал иншоот ўрни аниқланди

Фото: Dunyo

Фанлар академияси Миллий археология маркази ва Тарих институти ходимлари томонидан Оҳангарон тумани ҳудудида жойлашган Суюрлитепа ёдгорлигида олиб борилган қазишма ишлари натижасида илк ўрта асрларга оид монументал иншоот ўрни аниқланди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Суюрлитепа ёдгорлиги Оҳангарон дарёси чап соҳилида, Қурама тоғлари шимолий этагида, Санам қишлоғидан 2 км шарқда, Олмалиқ шаҳрини Ангрен шаҳри билан боғловчи автомобиль йўли ёқасида жойлашган.

Қазишмалар Вағнзе мулкининг жануби-шарқий қисмидаги нисбатан баландроқ тепаликни очиб ўрганишдан бошланди. Қазишма 20х20 метр ўлчамли майдонда амалга оширилди.

Аниқланган иншоот қурилишида пахса ва хом ғиштлардан фойдаланилган. Бино 3 қаватли пахса блокларидан иборат платформа уст қисмида кўтарилган. Унинг том қисми аркасимон қилиб ёпилгани қазишмалар жараёнида аниқланди. Иншоот айнан қандай вазифани бажаргани ҳақида тугал хулосага келингани йўқ. Тадқиқотлар якунида хулосалар берилади.

Тадқиқотлар натижасида ривожланган ўрта асрларга келганда бинодан бошқа мақсадларда фойдалангани қайд этилди. Иншоот марказий хона ва унга туташтирилган ёрдамчи хоналардан иборат қилиб қурилгани ҳамда унга яна бир қанча хўжалик хоналари кейинги даврларда қўшилгани ёдгорлик режасида акс этган. Қазишма майдонида жами 10 га яқин хоналар очиб ўрганилди.

Археологик қазишмалар натижасида бу ердан Турк хоқонлиги, Сомонийлар, Қорахонийлар ва Мўғуллар босқини даврига оид бой ашёлар, тангалар, сопол идишлар, камон ўқи учлари, шиша идишлар, турли хил тақинчоқлар, суякдан қилинган тароқлар ва бошқа кўплаб тарихий буюмлар топилган.

Хоналардан пахса блокли платформани ўйиб очилган жами 5 та хўжалик ўралари аниқланди. Ўралардан биттаси тўғри тўртбурчак, қолганлари эса айлана шаклга эга. Улардан 20 турдаги шиша идишлар, шиша лаганлар, вазалар, жомлар ва табиблар томонидан гиёҳ солиш учун ишлатилгани талқин қилинаётган кичик, нозик кўринишга эга шиша идишлар ва ҳоказолар топилди. Бундай турли-туман шиша идишлар топилиши бу ҳудудларда бир вақтлар шишасозлик юксак даражага етганини тасдиқлайди.

Ўралардан бирида Сомонийлар даврида оид (Х аср) ноёб лаганлар ҳам топилган. Улар сиртига оқ ранг берилиб, сирланган. Лаганлардан бирида араб алифбоси куфий хатида сўзлар ёзилган. Лаганлардан бирида ҳумо қушига ўхшаб кетадиган қуш тасвирланган бўлиб, у тумшуғида гул тутиб олган. Иккала лаган ҳам Сомонийлар даври нодир намуналаридан ҳисобланади.

Шаҳар ички йўлларини аниқлаш мақсадида 7 та нуқтада траншеялар (эни 1 м, узунлиги 5-14 метрли чуқурлар) ташланган ва шаҳар баъзи ички йўллари ўрнига аниқлик киритилган.

Ёдгорлик жануби-шарқий қисмидаги кенг майдонларда қават-қават қилиб тармоқланган ариқлар ўрни яққол кўзга ташланади.  Қадимий мажмуа ҳудуди жуда кенглиги боис унинг катта қисми ўз сир-асрорлари очилишини кутиб турибди. Ёдгорликда археологик тадқиқотлар давом эттирилмоқда.

Top