13:13 / 03.10.2022
4531

Европа иттифоқи давлатларига газни тежаш тавсия қилинди

Фото: Reuters

Иситиш мавсуми охиригача захираларни керакли даражада ушлаб туриш учун Европа иттифоқи давлатлари газ истеъмолини камида 9 фоизга камайтириши керак, дея маълум қилди Халқаро энергетика агентлиги.

Европа иттифоқи мамлакатлари 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб Россиядан етказиб бериш тўлиқ тўхтатилган тақдирда, иситиш мавсумида омборлардаги захираларни тўлиқ тугатмасликлари учун газ истеъмолини 9-13 фоизга камайтиришлари керак. Бу ҳақда Халқаро энергетика агентлигининг (ХЭА) 3 октябр, душанба куни чоп этилган чораклик ҳисоботида айтилади.

Агар Европа иттифоқи мамлакатлари иситиш мавсумида газ истеъмолини сўнгги беш йилдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 9 фоизга камайтирса, улар газ омборларини тўлдириш даражасини 25 фоиз атрофида ушлаб туриш имкониятига эга бўлади, деб ҳисоблайди ХЭА. Европа газ бозори таҳлили асосида тайёрланган ҳисоботга кўра, истеъмолнинг 13 фоизга қисқариши билан бу кўрсаткич 33 фоизни ташкил этади. Ушбу сценарий суюлтирилган газ (СТГ) етказиб беришнинг эҳтимолий қисқаришини ҳисобга олади, дея таъкидлади агентлик. 

ХЭА ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилнинг январидан августигача Европада газга бўлган талаб йилига деярли 10 фоизга камайди. 

Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Россиядан Европа иттифоқига газ етказиб бериш тўхтатилиши фонида Европа давлатлари СТГ импорти соҳасида ўз имкониятларини сезиларли даражада оширмоқда, дея таъкидлайди ХЭА. Ҳисоботда айтилишича, глобал СТГ савдоси 2022 йилнинг январидан августигача ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 6 фоизга ошган бўлса, Европада СТГга бўлган талаб ўсиши 65 фоизни ташкил этди. Осиё-Тинч океани минтақасидаги етказиб берувчилар асосан Европага йўналтирилди, у ерда СТГга бўлган талаб 7 фоизга камайди. 

«СТГ савдоси таъминотнинг мослашувчанлиги ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди», деб ёзади ХЭА таҳлилчилари. 

Уруш бошланишидан олдин Россия газига қарамлиги Европадаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлган Германияда СТГ импорти учун инфратузилма жадал суръатлар билан яратилмоқда. 

Агар 2022 йил бошида Германияда СТГни қабул қилиш ва қайта газлаш учун битта ҳам терминал бўлмаган бўлса, баҳорда мамлакат ҳукумати зудлик билан тўртта шундай терминал қуришга қарор қилди ва парламент тегишли қурилиш учун рухсатномалар бериш тартибини иложи борича тезлаштиришга махсус қонун қабул қилди.

Ёзда немис хусусий компанияларидан бири бешинчи қабул қилиш терминалини ишга туширишини билдирди. 1 сентябр куни эса Германия Иқтисодиёт вазирлиги олтинчи лойиҳани эълон қилди. Барча ҳолатларда гап мобил СТГ терминаллари - регазификация кемалари (Floating Storage and Regasification Units, FSRU) ҳақида бормоқда. Вильгельмсхафенда биринчи FSRU’нинг фойдаланишга топширилиши 20 декабрда кутилмоқда. 

Top