13:33 / 11.10.2022
9082

Россияга ЮКОС иши бўйича 2,63 млрд доллар тўлаш мажбурияти юкланди

Суд қарорига кўра, Москва ЮКОС гуруҳининг собиқ тузилмаси - Yukos Capital Sarl’га пул ўтказиши керак. Россия ушбу иш бўйича суднинг ваколатига эътироз билдирган, аммо суд апелляцияни рад этган.

Фото: Сергей Карпухин / Reuters

Швейцария федерал суди Россиянинг шикоятини рад этди ва унга ЮКОС гуруҳининг собиқ тузилмаси - Yukos Capital Sarl’га 2,63 миллиард доллар тўлаш мажбуриятини юклади, деб хабар берди AFP ахборот агентлиги 10 октябр, душанба куни кечқурун. 

Ўтган йилнинг июль ойида Ҳаагадаги доимий арбитраж суди шафелигидаги халқаро арбитраж Yukos Capital’га фоизлар ва суд харажатларини ҳисобга олган ҳолда 5 миллиард доллар миқдорида товон тўлаш ҳақида қарор чиқарган эди. Бироқ, август ойида Россия компанияни суд қарорини ошкор қилишда ва шунинг учун суд жараёнининг махфийлигини бузганликда айблади. Швейцария Федерал суди бу далилни инобатга олмади ва Москванинг даъвосини рад этди. 

Суд жараёнлари 2013 йилда Yukos Capital ташаббуси билан бошланган. Компания Россиядан 13 миллиард доллар товон талаб қилган. Бунга ЮКОСнинг Россия ҳукумати қарорлари билан банкрот бўлиши ва тугатилиши сабаб бўлган. Шу сабабли компания Yukos Capital томонидан олинган кредитларни тўлай олмади. Қарз олувчилар ЮКОС корхоналари - «Юганскнефтегаз» ва «Самаранефтегаз» эди. Бироқ, Россия расмийларига кўра, бу пуллар маблағларни олиб чиқиш ва солиқлардан қочиш учун ноқонуний схемаларда ишлатилган.  

ЮКОС иши бўйича суд жараёнлари нафақат Европада бўлиб ўтди. 2022 йил 14 апрелда АҚШнинг Колумбия пойтахт округи федерал суди Россиянинг тугатилаётган компания собиқ акциядорлари ЮКОСдан 50 миллиард доллар ундиришга уринаётган ишни тўхтатиб туриш ҳақидаги илтимосини қондиришдан бош тортди. 

ЮКОС нефть концерни 2000-йиллар бошида унинг собиқ эгаси Михаил Ходорковский ҳибсга олиниб, «Роснефт» концерни активларнинг катта қисмини шубҳали кимошди савдосида сотиб олганидан сўнг ўз фаолиятини тўхтатди. Ходорковский Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчисига айланди ва афв қилиниб, хорижга чиқишга рухсат берилгунга қадар ўн йил қамоқда ўтирди. 

Top