12:49 / 21.10.2022
3382

Мультииндикатор кластер кузатувлари дастлабки натижалари юзасидан тақдимот ўтказилди

Мультииндикатор кластер кузатувлари - ЮНИСЕФ томонидан ишлаб чиқилган уй хўжаликларининг танланма кузатуви халқаро дастури бўлиб, асосан болалар ва аёллар ҳолатини баҳолаш мақсадида кўп кўрсаткичли маълумотларни тўплайди.

Фото: Senat.uz

20 октябрь куни Тошкентда Давлат статистика қўмитаси ҳамда БМТ Халқаро болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилган «Мультииндикатор кластер кузатувлари» (МКК) дастлабки натижалари юзасидан тақдимот ўтказилди.

МКК 1995 йилдан бошлаб бутун дунё мамлакатлари ўртасида 118 та давлатда ўтказилган. Ушбу кузатувларда она ва бола саломатлиги, аёлларнинг репродуктив саломатлиги, болалар ҳуқуқлари ва уларнинг таълим олиш даражаси, болаларнинг соғлом ва жисмоний ривожланиши каби муҳим статистик кўрсаткичлар жамланади.

Тақдимотда қутлов сўзи билан иштирок этган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева МКК асосида болалар, ёшлар ва аёллар тўғрисида чуқур ўрганилган маълумотларга эга бўлиш, ҳукуматга аҳолининг ушбу гуруҳлари эҳтиёжларини қондиришга қаратилган мақсадли дастурларни ишлаб чиқишда ниҳоятда муҳимлигини таъкидлаб, ушбу маълумотлар қонунчиликни такомиллаштириш ва ижтимоий сиёсат борасидаги ислоҳотларни янада самарали амалга ошириш имконини яратишига алоҳида урғу берди.

Жумладан, мазкур кузатувлар натижалари миллий бюджет инвестицияларини мақсадли йўналтириш, шунингдек, болалар манфаатларига салбий таъсир қиладиган омилларнинг туб илдиз сабабларини аниқлаш ва ҳал қилиш имконини берувчи дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни оқилона баҳолашга хизмат қилишини айтди.

Тадбир давомида таъкидланишича, МКК натижалари охирги йилларда Ўзбекистонда болалар ва аёллар билан боғлиқ ҳолатнинг барқарор ўсиш траекториясини кўрсатмоқда. Хусусан, болалар ўлими камайиб бормоқда, мактабгача таълим кўрсаткичлари кескин ошган, болалар саломатлиги ва таълими соҳасида хизматлар деярли барча жойда таъминланмоқда. Масалан, 2-4 ёшдаги болаларнинг 96 фоизи саломатлик, ўқиш ва психо-ижтимоий фаровонлик нуқтаи назаридан нормал ривожланишга эга. Бу минтақадаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

Тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида айтилишича, мультииндикатор кластер кузатувлари мамлакатда муҳим стратегик ижтимоий-иқтисодий қарорларни қабул қилишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Хусусан, кузатув натижалари бўйича берилган таклифлар қонунчиликда, президент ва ҳукумат даражасидаги қарорларда ўзининг амалий натижасини топади. 

Тадбир якунида мультииндикатор кластер кузатувларини олиб бориш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, фаол фуқаролар ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди ва бу борада конструктив мулоқот ва ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишилди.

Top