11:46 / 27.10.2022
4328

Журналист ОАВни Ўзбекистоннинг экологик муаммоларига қарши бирлашишга чақирди

Kun.uz мухбирининг чақириғини сенатор Фарҳод Боқиев ҳам қўллаб-қувватлади.

26 октябр куни Олий Мажлис Сенати биносида Ўзбекистонда сўз эркинлиги масалалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Kun.uz мухбири Илёс Сафаров сўнгги йилларда Тошкент шаҳри экологиясининг инқироз ёқасига келиб қолганини билдириб, журналистларни бу муаммоларга қарши бирлашишга, баҳамжиҳат ҳаракат қилишга чақирди.

“Бугун журналистлар йиғилган эканмиз, бу ерда фақат ўз муаммоларимиз ҳақида эмас, жамият, мамлакат муаммолари ва бу муаммоларни ҳал қилиш учун ўз вазифаларимиз ҳақида ҳам гаплашайлик.

Бугун Ўзбекистон қандай экологик муаммолар ёқасида эканини барчамиз биламиз. Масалан, 17 октябр куни Тошкент ҳавосининг ифлослиги бўйича дунёда 1-ўринга чиқди. Лекин нега бу масалаларни фақат саноқли таҳририят ва блогерларгина ёзмоқда? Нима учун бутун ОАВ бу масала атрофида бирлашмаяпти?

Келинглар, Тошкент экологиясини бугунги аҳволга келтирган юзлаб тартибсиз қурилишлар, дарахткушликларга йўл қўйиб бераётган шаҳар ҳокимлиги, йирик корхоналарга қарши кучни бирлаштирайлик. Балки, барчамиз келишиб, бир кунимизни, сонимизни тўлиқ экологик муаммоларга бағишлармиз. Саҳифаларимизни тўлиқ оқ ёки қора қилиб чиқарармиз.

Мен бугун Ўзбекистон экологиясини инқироздан олиб чиқиш учун барча журналистларни бирдамликка чақираман. Бирлашмасак бўлмайди. Биз ўзимизнинг ички муаммоларимиз ҳақида кўп гапиришимиз мумкин, лекин жамият олдидаги асл вазифаларимиз қолиб кетяпти”, – деди у.

Журналистнинг чақириғидан кейин “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов сўз олди ва у ҳам ҳамкасбларни бирдамликка чақирди.

“Бугун матбуотимиз бирданига ва кетма-кетликда экологик муаммоларни кўтариши керак. Бу изсиз кетмайди, натижа бўлади.

Биз экологик муаммолар, дарахт кесилишлари ҳақида кўп гапиряпмиз, чора кўрилди, деяпмиз. Лекин икки кундан кейин прокуратура ёнидаги дарахтларни кесиб кетишяпти.

Экологик жиноятларга нисбатан жавобгарликни кескин оширишимиз керак”, – деди журналист.

Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев билдирилган фикрларга қўшилишини таъкидлади.

“Биз 2021 йилда дарахт ва буталарнинг кесилиши борасида Экология қўмитаси раисининг ахборотини эшитгандик. Шундан кейин ҳам кўплаб ўзгаришлар бўлди, лекин биз кутгандек натижани бермаяпти.

Шу нуқтайи назардан, хулосага келганманки, Экология қўмитасини парламентга бўйсинувчи, ҳукуматдан мустақил бир органга айлантиришимиз керак.

Агар қўмитанинг ҳудудий бошқармалари маҳаллий ҳокимиятга ҳисобдор бўлиб турса, биз ижобий ҳолатга етолмаймиз. Жавобгарликни ошириш борасида фикрларингизни қўллаб-қувватлайман. Биз бугун қатъий бир позицияга келмас эканмиз, табиатда кўп нарсани ютқазамиз.

Мен фикрларингизга қўшиламан ва бутун ОАВни бирлаштириш бўйича таклифингизни ҳам маъқуллайман. Чунки ҳамма бирданига муаммони гапирса, ҳар қандай одам бир марта бўлса-да, “дўпписини бошдан олиб” ўйлаб кўради. Фикрларини тўғрилаб олади”, – деди Фарҳод Боқиев.

Top