08:34 / 02.11.2022
3339

Давлат корхоналари кузатув кенгашлари ваколатлари белгиланмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг “2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси қабул қилинганлиги муносабати билан ҳукумат айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра ҳукумат қарорлари давлат корхонасини бошқариш ҳамда давлат корхонаси кузатув кенгашлари ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашга оид нормалар билан тўлдирилмоқда.

Давлат корхонаси — давлат мулкидаги, ўзига тезкорлик билан бошқариш учун берилган мулк негизида ташкил этилган давлат унитар корхонаси шаклидаги тижорат ташкилоти. У ўзига бириктирилган мулкдан қонунда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, мулкдор (ёки у топшириғига кўра у ваколат берган давлат органи — муассис) топшириқларига ҳамда эгалик қилиш ҳуқуқига асосан мақсадга мувофиқ тарзда мулкдан фойдаланишни ва уни тасарруф этишни амалга оширади.

Қўшимчаларга кўра: муассис, кузатув кенгаши ва ижроия орган (раҳбар) давлат корхонаси бошқарув органи ҳисобланади; кузатув кенгаши давлат корхонасига умумий раҳбарликни амалга оширади; давлат корхонаси кузатув кенгаши аъзолари сони устав билан белгиланади, бироқ 3 нафардан кам бўлмаслиги лозим; кузатув кенгаши аъзолари умумий сони тоқ сон бўлиши лозим; кузатув кенгаши муассис томонидан 3 йил муддатга тайинланади.

Давлат корхонаси кузатув кенгаши қуйидаги ваколатлари тасдиқланмоқда: давлат корхонаси раҳбарини тайинлаш ва лавозимдан озод этиш ҳақида таклифларни муассисга киритиш; давлат корхонаси раҳбари номзодига малака талабларини (маълумот, тижорат, молия ва соҳавий соҳада иш тажрибаси ва ҳ.к.) белгилаш; давлат корхонаси раҳбари ўринбосарларини тайинлаш ва лавозимдан озод этиш; ички аудит хизмати тўғрисидаги низомни тасдиқлаш, ички аудит хизмати ходимларини тайинлаш ва лавозимдан озод этиш; давлат корхонаси раҳбари, таркибий тузилмалар, филиаллар ҳисоботларини тинглаш ва ҳ.к. 

Top