10:52 / 12.07.2023
3485

Ўзбекистонда экспериментал ҳаво кемаларини ҳисобга олиш тартиби ишлаб чиқилди

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг “Экспериментал ҳаво кемаларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низом Ҳаво кодексига мувофиқ Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги (“Ўзавиация”) томонидан экспериментал ҳаво кемаларини ҳисобга олиш тартибини белгилайди.

Экспериментал ҳаво кемалари янгидан яратилган ёки ўзгартирилган ҳаво кемалари тажрибадан ўтган намуналарига, парвозда авиация техникасининг таркибий қисмларини тадқиқот ва синовдан ўтказиш учун учар лабораторияларига, фуқаро авиациясида эксплуатация қилишдан олдин янги тайёрланган серияли ишлаб чиқариладиган ҳаво кемалари турларига бўлинади.

Ўзбекистон барча экспериментал ҳаво кемалари “Ўзавиация” агентлигида ҳисобга олиниши лозим. Экспериментал ҳаво кемасининг конструкцияси техник жиҳатдан тартибга солиш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО) тавсия этилган амаллари ва халқаро стандартларига жавоб бериши керак.

Экспериментал ҳаво кемасини ҳисобга олиш учун аризачи “Ўзавиация” агентлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) мувофиқ шакл бўйича ариза;
б) ҳаво кемаси ишлаб чиқарувчи давлат авиация маъмурияти томонидан берилган ишлаб чиқариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномасининг ёки ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатнинг нусхаси;
в) ҳаво кемаси ишлаб чиқарувчи давлат авиация маъмурияти томонидан сертификатланган (аттестациядан ўтказилган) бўлса, ҳаво кемаси турининг сертификати ёки ҳаво кемасининг фойдаланишга яроқлилиги тўғрисида гувоҳнома;
г) ҳаво кемасида учиш синовларини ўтказиш дастури ва ҳаво кемаси ушбу учиш синовларини амалга оширишга тайёрлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Экспериментал ҳаво кемасини ҳисобга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун аризачи жавобгар ҳисобланади. Экспериментал ҳаво кемасини ҳисобга олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар аризачи томонидан бевосита “Ўзавиация” агентлигига тақдим этилади. Ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, ушбу рўйхатда ҳужжатларнинг номи кўрсатилади. Ҳужжатлар рўйхати икки нусхада тузилади, уларнинг бир нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда аризачига тақдим этилади.

“Ўзавиация” агентлиги томонидан ҳужжатларни қўриб чиқиш ва барча зарур тартиб-таомилларни бажариш учун йиғим ундирилмайди. Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва барча зарур тартиб-таомилларни бажариш “Ўзавиация” агентлигига тақдим этилган ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб ўн беш календарь кун ичида амалга оширилади. Экспериментал ҳаво кемасини ҳисобга олиш ва экспериментал ҳаво кемаси ҳисобга олингани тўғрисидa гувоҳномa бериш ёки уни ҳисобга олишни рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун “Ўзавиация” агентлиги ваколатли шахси ҳужжатларни кўриб чиқади ва ҳаво кемасини кўрикдан ўтказади, унинг натижаларига кўра хулосани расмийлаштиради.

“Ўзавиация” агентлигининг ваколатли шахси хулоса натижалари бўйича, тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунидан кечиктирмай экспериментал ҳаво кемаси тўғрисидаги маълумотларни экспериментал ҳаво кемаларини ҳисобга олиш журналига киритади ва аризачига гувоҳномани беради ёки экспериментал ҳаво кемасини ҳисобга олиш рад этиш тўғрисида ёзма равишда аризачини хабардор қилади. Гувоҳномa режалаштирилган учиш синовларини амалга ошириш учун, аризачи томонидан аризада кўрсатилган асосланган муддатга берилади.

Аризачига қуйидаги ҳолларда экспериментал ҳаво кемасини ҳисобга олиш рад этилиши мумкин:

  • аризачи томонидан экспериментал ҳаво кемасини ҳисобга олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмагани;
  • аризачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки ишончсиз маълумотлар мавжудлиги;
  • ҳужжатларни кўриб чиқиш ва ҳаво кемасини кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича асослантирилган салбий хулоса мавжудлиги.

Экспериментал ҳаво кемасини ҳисобга олишни бошқа асосларга кўра, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан рад этишга йўл қўйилмайди.

Top