12:58 / 13.07.2023
4269

Июнда иккиламчи кўчмас мулк бозорида уй-жой нархи ўсиш суръати секинлашди 

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўзининг навбатдаги шарҳида кўчмас мулк бозорида юз берган ўзгаришларни таҳлил қилди.

Фото: Kun.uz

2023 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, кўчмас мулкни олди-сотди бўйича битимлар сони деярли 131 мингтани ташкил этиб, йиллик ўсиш 3,9 фоизга ошди. Шу билан бирга, 2-чоракда сотувлар 5 фоизга ўсди ва 69 минг битимдан ошди.

Июнь ойида кўчмас мулк бозори фаолликнинг пасайиши билан ажралиб туради. Ойлик сотувлар май ойида сезиларли ўсишдан кейин 7,7 фоизга камайди. Кўчмас мулк бўлган турар жой олди-сотди шартномалари сони май ойидаги 25,5 мингтага нисбатан 23,6 мингтани ташкил этди.

Шу билан бирга, йил бошида ижара ҳақининг 20 фоиздан ортиқ пасайиши бир вақтнинг ўзида пойтахтнинг учта ҳудудида қайд этилди. Хусусан, Олмазорда - 26 фоиз, Шайхонтоҳурда - 24 фоиз ва Бектемирда - 22 фоиз.

Июнь ойида иккиламчи кўчмас мулк бозорида уй-жой нархининг ўсиш суръати секинлашди. Агар май ойида 1 квадрат метр учун уй-жойнинг ўртача нархининг ошиши 2,5 фоизни ташкил этган бўлса, июнь ойида "иккиламчи уй-жой" нархи атиги 0,8 фоизга ошди.

Жорий даврни ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда, иккиламчи кўчмас мулкнинг ўртача нархи 22 фоиздан ошди. Наманган - 34,9 фоиз, Тошкент вилояти - 29,4 фоиз ва Тошкент шаҳрида - 30,4 фоиз уй-жой нархининг сезиларли ўсиши қайд этилди.

Top