08:23 / 26.07.2023
6199

ЕИ ойига 4 млн тонна Украина ғалласини экспорт қилиши мумкин

ЕИ Украинадан ғалла ташувчи компанияларга субсидиялар бериш, Болтиқбўйидаги портлардан фойдаланиш ва бошқа чора-тадбирларни кўриб чиқишга тайёр. Экспортни ойига 4 миллион тоннагача ошириш мумкин, деб ҳисоблайди Брюссел.

Фото: logist

Европа Иттифоқи Украина донини «бирдамлик чизиғи» бўйлаб ташиш учун субсидиялар бериш вариантини кўриб чиқиши керак – Европа комиссари Януш Войцеховский 25 июль, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалиги кенгаши йиғилишидан сўнг шундай таклиф билан чиқди. 

У бу позицияни Еврокомиссияга тақдим этишга ваъда берди: «Биз Европа Иттифоқининг пуллари ҳисобига транспорт харажатларини қўллаб-қувватлаш ечимини топишимиз керак, акс ҳолда Россия бу вазиятдан фойда олиши мумкин, унинг донини сотиб олиш Украина донларини ташиш учун пул тўлашдан кўра арзонроқ бўлади». Ҳозирча бу таклифни тақдим этишнинг якуний санаси йўқ, Европа комиссари бундай чора қанчага тушишини ҳозирча ҳисоблаб бермади, бироқ у бу масала долзарб эканини тан олди. 

Қора денгиз Украинадан ғалла ташишнинг энг арзон йўли бўлиб қолмоқда, бироқ у Россия томонидан тўсиб қўйилган. Шунга қарамай, Европа Иттифоқи «дон битими»га қайтиш мумкинлигига умид бор деб ўйлаяпти, чунки Қора денгиз йўлаги Украинага қўшни бозорларни ортиқча юкламасдан, аввалгидек ўзининг табиий бозорларига, масалан, Бангладеш, Индонезия, Туркия, Испанияга маҳсулот етказиб бериш имконини яратади. Агар бу амалга ошмаса, Украина ғалласи учун Европа транспорт йўлакларини молиявий қўллаб-қувватлаш зарур, деди Войцеховский. 

«Бирдамлик чизиқлари» орасида Дунай йўналиши транспорт харажатлари бўйича энг фойдали ҳисобланади, дея билдирди Европа Комиссияси, аммо Полша ва Венгрия орқали ташиш нархларга салбий таъсир қилади. Войцеховскийнинг сўзларига кўра, «бундай транспортнинг нархи етарлича жозибадор эмас». 

Шу билан бирга, унинг ишончи комилки, Европа Иттифоқи Украинанинг деярли барча экспортини ойига 4 миллион тонна кўрсаткич асосида «бирдамлик чизиғи» бўйича олиб чиқишга қодир. Бу миқдор 2022 йилнинг ноябрида экспорт қилинган, деди Европа комиссари. Унинг фикрича, буни амалга оширса бўлади, аммо «бу вазиятнинг барча оқибатларини ҳисобга олиш керак». 

Top