11:14 / 09.09.2023
7342

ОАВ: Гутерриш Россияга санкцияларни юмшатишни таклиф қилган

Фото: Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари Сергей Лавровга мактуб ёзиб, унда Москвага бир қанча муҳим имтиёзлар берилган ҳолда «ғалла битими»ни қайта тиклашни таклиф қилди.

28 август куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга махфий мактуб йўллаб, унда Россиянинг «ғалла битими»га қайтиши ва Қора денгиз ташаббусини қайта бошлаши эвазига санкцияларни сезиларли даражада юмшатишни таклиф қилди, деб хабар бермоқда dpa агентлиги 8 сентябр, жума куни Bild маълумотларини тасдиқлади. Гутерришнинг таклифи тўртта аниқ банддан иборат, дея таъкидлайди нашр.

SWIFT орқали Россия тўловлари муаммосини ҳал қилиш 

Хусусан, БМТ раҳбари 2022 йил июн ойида Россия қишлоқ хўжалиги банкига (Росселхозбанк) нисбатан ЕИ томонидан киритилган молиявий санкцияларни бекор қилишни таклиф этмоқда, у Россиянинг бошқа молия институтлари сингари SWIFT тизимидан узиб қўйилган. Гутерришнинг ғояси бу банкнинг RSHB Capital S. A. шуъба корхонасини ташкил этиши ва уни SWIFT’га улашдан иборатдир. У мустақил банк функцияларини бажармаган ҳолда тўлов операциялари бўйича техник хизматлар кўрсатади, шунинг учун банк лицензияси керак бўлмайди, дейилади маълумотда.

Еврокомиссия вакили Bild билан суҳбатда Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат савдоси учун тўловларни SWIFT орқали Европа Иттифоқи санкцияларини бузмаган ҳолда амалга ошириш имконини берувчи «конструктив ечим» топиш имкониятига рухсат берганини тасдиқлади. SWIFT компанияси нашрга «Қора денгиз ғалла ташаббуси бўйича мунозаралар юқори даражада давом этаётганини» билдирди. 

Россия кемаларини суғурталаш, уларни Европага чиқишига рухсат бериш ва Россия активларини қайтариш 

БМТ иккинчи банд сифатида, Bild нашрининг ёзишича, Россия кемаларини Азов ва Қора денгизларда Украина ҳужумларидан суғурталашни таклиф қилмоқда. «Россиянинг озиқ-овқат ва ўғит экспорти бўйича БМТ томонидан молиялаштириладиган суғурта компанияси 4-6 ҳафта ичида Lloyd's (халқаро суғурта бозори) билан ҳамкорликни бошлаши мумкин», - дея Гутерришнинг эҳтимолий хатидан иқтибос келтиради нашр. Шу билан бирга, БМТ раҳбари нафақат Россия экспорт юкларини суғурта қилиш, балки ташқи таъсирлардан суғурталаш, шунингдек, учинчи шахсларга зарар етказилган тақдирда суғурта қилишни ҳам зарур деб ҳисоблайди. 

Учинчи банд Европа Иттифоқида музлатилган маблағларини Россияга қайтаришни назарда тутади. Гутерриш Россия Федерациясига ҳисобрақамлар ва активлар рўйхатини тақдим этишни, россиялик ўғит ишлаб чиқарувчиларни эса санкцияларни бекор қилиш бўйича аризалар билан Европа Иттифоқи органларига мурожаат этишни таклиф қиляпти. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари ваъдаларига кўра, БМТ ушбу аризаларни кўриб чиқиш учун тегишли мамлакатлар ва ЕИ расмийлари билан ҳамкорлик ўрнатади. 

Тўртинчи банд – озиқ-овқат ва ўғит ташувчи Россия кемаларига Германия ва бошқа мамлакатлар портларига киришга рухсат бериш таклифи. Bild нашри хулоса қилишича, агар бу таклифни амалга оширса, БМТ Россия раҳбариятининг барча талабларини бажаради.

«БМТ Россияни мукофотламоқчи эмас. Биз бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга ҳаракат қилмоқдамиз. Бизнинг мақсадларимиз соф ҳуманитар хусусиятга эга», - деди БМТ вакили dpa’га. 

Россиянинг «ғалла битими»да иштирок этишдан бош тортиши 

Украина озиқ-овқат маҳсулотларини Қора денгиз портлари орқали экспорт қилиш йўлаги 2022 йил ёзида келишиб олинди, у орқали 30-32 миллион тонна Украина ғалласи жаҳон бозорига, биринчи навбатда, ривожланаётган мамлакатларга экспорт қилинди. 2023 йил июл ойида Россия урушга қарамай, Қора денгиз орқали Украина озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш имконини берадиган «ғалла битими»ни узайтиришдан бош тортди. Шундан кейин Москва Украинанинг Қора денгиз ва Дунай портларига ҳужумларини кучайтирди.

9 сентябрда бошланадиган G20 саммити олдидан Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел Россия Федерациясини Украина портлари блокадасини тўхтатишга ва ғалла ташувчи кемаларнинг Қора денгизга хавфсиз чиқишини таъминлашга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Украина озиқ-овқат маҳсулотларининг Европа «бирдамлик каналлари» орқали муқобил экспорти йўлларини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда. 

Top