17:43 / 19.09.2023
11690

«Пахтакор» ўзидан 3 карра қиммат рақибга қарши. Ўзбекистон чемпиони ОЧЛдаги юришини бошламоқда

Душанба куни Ўзбекистоннинг уч клуби иштирокидаги сафардаги ўйинлар билан қитъанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақаси старт олди. Сешанба куни эса Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва Суперлига пешқадами турнирдаги юришини Тошкентда «Ал-Айн»га қарши ўйин билан бошлайди.

Фото: Пахтакор

«Пахтакор» БАА вице-чемпионига қарши

Осиё Чемпионлар лигасига Ўзбекистон чемпиони сифатида иштирок этаётган «Пахтакор» биринчи турда «Бунёдкор» стадионида БААнинг вице-чемпиони «Ал-Айн»ни қабул қилади. 

ОЧЛ тарихида «шерлар» ушбу жамоага қарши 4 марта тўқнаш келган. 2010 йил Ал-Айнда 1:0, Тошкентда 3:2 ҳисобида ғалабага эришилган. 2015 йил эса Тошкентда рақиб 1:0 ҳисобида зафар қучган бўлса, меҳмонда 1:1 натижаси қайд этилган. Ўзбек клубларидан фақат «Пахтакор» «Ал-Айн»ни мағлуб этишнинг уддасидан чиққан.

«Ал-Айн» ОЧЛ учун жами 13 нафар легионерни рўйхатдан ўтказган. Жамоани нидерландиялик мутахассис Алфред Шрёдер бошқармоқда. У сўнгги йилларда «Барселона»да Роналд Куманга ёрдам берганди.

БАА клуби ҳозирда мамлакат чемпионатида 2-турдан кейин 6 очко билан 2-ўринда бормоқда. Пойтахт жамоаси эса Суперлигада 1-ўринни эгаллаб турибди.

Ким қандай ҳолатда?

«Пахтакор» сўнгги расмий ўйинида 29 август куни Суперлига доирасида сафарда «Қизилқум»ни мағлуб этган – 3:2. «Ал-Айн» эса БАА Лига кубоги доирасида 14 сентябр куни «Ал-Бате»ни мағлуб этди – 2:1. 

Факт

«Ал-Айн» Бирлашган Араб Амирликларининг Осиё Чемпионлар лигасида ғолиб бўлган ягона жамоаси саналади. Клуб уч марта (2003, 2005, 2016) финалга чиқиб, фақат бир марта – 2003 йилда Осиёда тенгсиз бўлган. 

Трансфер баҳоси: «Ал-Айн» «Пахтакор»дан 3 баравар қиммат

Transfermarkt порталида Тошкент клубининг умумий таркиби 11,2 миллион евро нарх билан ОЧЛ-2023/24 йилги мавсум жамоалари орасида 18-ўринда қайд этилган. Амирлик жамоаси таркибининг умумий баҳоси эса 33,6 миллион евро нархни ташкил этиб, Ал-Айн шаҳри клуби турнирнинг иштирокчи 40 жамоаси орасида 7-ўриндан жой олган. 

«Ал-Айн»нинг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:

1. Кожо Лаба, ҳужумчи (Того) – 6 млн евро

2. Софиан Раҳими, яримҳимоячи (Марокаш) – 5,5 млн евро

3. Алехандро Ромеро, яримҳимоячи (Аргентина) – 5 млн евро 

«Пахтакор»нинг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:

1. Одил Ҳамробеков, яримҳимоячи – 1 млн евро

2. Сардор Собирхўжаев, яримҳимоячи – 900 минг евро

3. Достонбек Ҳамдамов, яримҳимоячи – 900 минг евро

Тошкент жамоасининг ўйин учун таркиби

«Пахтакор» ғалаба ёки дурангга эришса қанча мукофот пули олади?

Осиё Чемпионлар лигаси 2023/24 йилги мавсум гуруҳ босқичидаги ҳар бир ўйиндаги ғалаба ва сафар харажатлари учун ОФК томонидан маблағ ажратилган. Жумладан, Тошкент клубига ғалаба учун ОФК томонидан 50 минг АҚШ доллари, дуранг учун 10 минг АҚШ доллари мукофот тариқасида тўланади. 

«А» гуруҳи. 1-тур.

19 сентябр (сешанба)

«Пахтакор» - «Ал-Айн» (БАА)

Стадион: «Бунёдкор» стадиони

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: «Спорт ТВ».

Top