Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ар-Риёдда Саудиянинг қатор етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳром Аълоев Ар-Риёд шаҳрида ACWA Powyer компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунаян, Tabuk Agricultural Development компанияси директорлар кенгаши раиси Мажид Аҳмад ал-Сувайх ва Tariq M.Abu Moti бош менежери Тариқ Муҳаммад Абу Моти, Al Showaiyer менежери Тариқ ал-Шувайр, Al Faris International Group бош ижрочи директори Усама Бухорий билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
ТИВ маълумотига кўра, мулоқотлар чоғида энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ирригация, таълим, қурилиш ва хусусийлаштириш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Баҳром Аълоев Саудия Арабистони компаниялари вакилларини 2024 йил 2-3 май кунлари Ўзбекистонда ташкил этиладиган III Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилди. Саудиялик тадбиркорлар ушбу форумда аниқ таклифлар билан фаол иштирок этишга тайёр.
Ўзбекистон ТИВ делегацияси аввалроқ ўзбек-саудия сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи даврасини ўтказди.