15:16 / 04.04.2024
24479

Президентлардан тортиб журналистларгача – 50 минг одамнинг телефонини кузатган “Пегас” можароси ҳақида

Бир неча йиллар олдин ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз телефон орқали унинг эгасини кузатиб, қурилмадаги исталган маълумотга эгалик қилган Пегас дастури шов-шувларга сабаб бўлганди. Исроил компаниясига тегишли бўлган дастур кузатган 50 мингдан ортиқ шахслар орасида президент, ҳукумат вакиллари, ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ҳам бор эди.

Пегас жосуслик дастури — Исроилнинг NSO Group кибер-разведка компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Бу дастур мобил телефонларни унинг эгасига билдирмасдан тинглаш ва маълумотлар йиғиш билан шуғулланган. Бундан бир неча йил олдин можароларга сабаб бўлган Пегас можароси шу дастур сабаб келиб чиққанди.

Айғоқчи Пегас билан боғлиқ ҳолат зиддиятли, сабаби унинг ёрдамида ҳукумат лидерлари, инсон ҳуқуқлари фаоллари, мухолифатчилар ва журналистлар кузатилгани аниқланган, лекин NSO Group компанияси дастурни фақатгина ҳукуматларнинг хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларига сотишини, ундан муҳим қутқарув операцияларида, терроризм, одам савдоси ва гиёҳванд моддалар савдоси, пул ювиш каби жиноятларга қарши курашиш учун ишлатилишини иддао қилади.

“NSO Group ўз техникаларини фақат ишончли ҳукуматларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва разведка ташкилотларига сотади. Биз фақат содир бўлиши кутилаётган терактларнинг олдини олиш ва инсон ҳаётини сақлаб қолиш мақсад қилинган ҳолатларда техникаларимизни сотамиз”, деб баёнот берган Исроил компанияси.

Бу дастур қандай ишлайди?

Жосусликка ихтисослашган дастурни Android ва iOS дастурларига ўрнатиш мумкин. Бунинг учун телефон эгасининг ҳеч қандай ҳаракати талаб этилмайди, у бу ҳақида ҳеч қандай хабар ҳам олмайди. Ва дастур ёрдамида телефон қўнғироқлари, ёзишмалар, жойлашган манзили, ўрнатилган пароллари, расмлар ва бошқа барча маълумотларни олиш мумкин бўлади. Дастур орқали телефоннинг камерасидан кузатув амалга ошириш мумкин, унинг диктофонидан эса микрофон сифатида фойдаланиб, телефон атрофидаги ҳар қандай суҳбатни ёзиб олиш мумкин.

Маълумотларга кўра, дастур анчайин қиммат туради. 2016 йилда Пегасни 10 телефонга ўрнатиб бериш 650 минг доллар бўлган. Унга қўшимча тарзда яна 500 минг доллар тўлов талаб этилган.

Пегасни ўрнатиш учун бошқа баъзи зарарли дастурлар каби бирор ҳаволани босиш ёки код киритиш шартмас. У қурилмани бирор ёлғон хабар ёки чақирув қўнғироғи ёрдамида "зарарлайди". Агар телефон фойдаланувчиси хабарни ўчириб юборса ҳам, қўнғироққа жавоб бермаса ҳам, дастур ўзини-ўзи ўрнатаверади ва керакли барча маълумотларга йўл топиб олади.

Унинг борлиги қачон аниқ бўлди?

Пегас сўзи юнонча қанотли от деган маънони билдиради. Жосуслик дастури Троян отлари деб аталувчи зарарловчи дастурларнинг кенг туркумига киради. Унинг эгаси бўлган NSO Group 2010 йилда ташкил этилган бўлса-да, Пегаснинг борлиги 2016 йилда Бирлашган Араб Амирлигида яшовчи инсон ҳуқуқлари фаоли ўзига келган хабардан шубҳаланиб уни киберхавфсизлик лабораториясига таҳлил учун юборгандан сўнг аниқ бўлади.

Дастурдан қанча давлат фойдалангани ҳақида аниқ маълумот йўқ, сабаби NSO Group ўз фойдаланувчилари рўйхатини сир сақлайди. Бироқ ўрганишлар натижасидаги ҳисоботларга кўра, 40 та давлат Пегас дастуридан фойдаланган, 50 та давлатда яшовчи фуқаролар унинг ёрдамида кузатилган.

Пегас жабрланувчилари

Дастур Мексикада наркокартел раҳбари Эл Чапони қўлга олишда ишлатилган.

Эл Чапо

Пегас дастури Жамол Қошиқчининг ўлдирилишида ҳам ишлатилгани ҳақида маълумот бор. Жамол Қошиқчи — саудиялик журналист, Саудия Арабистони ҳукумати танқидчиси.

Amnesty International халқаро ҳаракати маълумотларига кўра, Қошиқчининг ўлимидан 6 ой олдин унга яқин бўлган икки аёл, хусусан, рафиқасининг ҳам телефони Пегас орқали кузатилган.

Жамол Қошиқчи

Пегас томонидан нишонга олинган ва ҳакерлик ҳужумига учраганлар орасида таниқли ҳукумат ва бизнес раҳбарлари ҳам бор. Хусусан, Франция президенти Эммануэл Макрон, Жанубий Африка президенти Кирил Рамафоса, миллиардер Жеф Безос ҳамда Жамол Қошиқчи маълум муддат ишлаган The Washington Post газетаси эгаси ҳам бўлган.

Пегас дастурининг жосуслик кузатувларини аниқлаш мақсадида 2021 йилда 17 та медиа ташкилотидан 80 нафардан ошиқ журналист суриштирув ишларини олиб боришди ва глобал миқёсда омма эътиборини айғоқчилик, унинг инсон ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлишига қаратди. Бу суриштирув давомида маълум бўлишича, Пегас дастури орқали 50 мингдан ортиқ одам кузатилган. Улар орасида сиёсатчи, ҳуқуқшунос, журналист ва мухолифатчилар ҳам бор.

Пегас дастурининг муаллифи NSO Group 2019 йилда Facebook томонидан, 2021 йилда эса Apple компанияси томонидан судга берилган. Компания АҚШда қора рўйхатга киритилган. Бу АҚШ компанияларининг NSO Groupʼга техника сотишини қонунан тақиқлайди. 

Top