11:52 / 22.05.2024
8550

Пентагон: Россия орбитага космик қуролни олиб чиққан бўлиши мумкин

Пентагон Россия сунъий йўлдошга қарши ҳарбий космик кемани Ер яқинидаги орбитага олиб чиққан, деб ҳисоблайди.

Фото: Stanislav Rishnyak/NASA/Zoonar/picture alliance

АҚШ Мудофаа вазирлиги Россия сунъий йўлдошга қарши ҳарбий космик кемани Ер орбитасига олиб чиққанини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда 21 май, сешанба куни Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер маълум қилди.

«16 май куни Россия Ер орбитасига сунъий йўлдош учирди, биз уни коинотдаги қурол деб баҳолаймиз, у, эҳтимол, Ер орбитасидаги бошқа сунъий йўлдошларга ҳам ҳужум қила олади», — деди Райдер.

Унинг сўзларига кўра, Россия ушбу «янги коинот қуролини» АҚШ ҳукумати сунъий йўлдоши бўлган орбитада жойлаштирган. «Шундай қилиб, баҳолашлар 2019 ва 2022 йилларда илгари жойлаштирилган космик юкламаларни эслатувчи самарадорликни кўрсатади», - дея хулоса қилди Пентагон вакили. Райдер АҚШ учириш ҳақида олдиндан билгани ёки йўқми, бу ҳақида изоҳ бермади. 

ОАВ: Россия коинотда ядро қуролини жойлаштириш ниятида

Феврал ойида Америка ОАВ Конгрессдаги манбаларга таяниб, Россия сунъий йўлдошларга қарши фойдаланиш учун коинотда ядро қуролини жойлаштириш ниятида эканини хабар қилган эди. Оқ уй матбуот котиби Жон Кирби Россия Федерациясида «космосда базага эга бўлган» сунъий йўлдошга қарши қуроллар ишлаб чиқилишини эълон қилди ва буни АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид деб атади. 

Ўтган ҳафта The Wall Street Journal Россия сунъий йўлдошга қарши ядровий қурол компонентларини синаб кўриш учун 2022 йил феврал ойида коинотга сунъий йўлдошни учиргани ҳақида хабар берди. WSJ маълумотларига кўра, «Космос-2553» сунъий йўлдоши ҳали ҳам Ер атрофида ҳаракатланмоқда. 

БМТ ХК Россиянинг космосдаги қуролларга қарши резолюциясини рад этди

БМТ Хавфсизлик кенгаши 20 май куни Россия томонидан тайёрланган барча мамлакатларни космосда ҳар қандай қуролни жойлаштириш ва қўллашни «абадий» тўхтатишга чақирувчи резолюция лойиҳасини рад этди. Ҳужжат керакли тўққизта овозни ололмади: Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан етти давлат, жумладан, Хитой, Жазоир ва Гайана ҳам унинг қабул қилиниши учун овоз берди. Яна етти давлат, жумладан АҚШ, Британия ва Франция бунга қарши чиқди. Швейцария овоз беришда бетараф қолди.

«Россиянинг бугунги қарши резолюцияси жиддий эмас эди. Бу Москва ядровий қурилмага эга янги сунъий йўлдош яратаётгани ҳақидаги хабарлардан эътиборни чалғитишга уриниш эди», - деди Британия делегацияси аъзоларидан бири. 

24 апрел куни Россия АҚШ ва Япония томонидан космосда ядро қуролини жойлаштирмаслик бўйича тайёрланган резолюция лойиҳасини блоклади. Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 13 таси уни қабул қилиш учун овоз берди, Хитой эса бетараф қолди. Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя ҳужжатни қўллаб-қувватлашдан бош тортишини, унинг сўзларига кўра, тақиқ нафақат ядро қуролига, балки оддий қуролларга ҳам тааллуқли бўлиши кераклиги билан изоҳлади. 

Top