13:37 / 24.06.2024
2022

Миграция - Венгриянинг ЕИга раислиги асосий йўналиши 

Венгрия бош вазири ЕИдан ташқарида Европа Иттифоқига киришни хоҳловчи муҳожирларнинг аризаларини кўриб чиқиш тарафдори эканини айтди.

Фото: Attila Volgyi/Xinhua/IMAGO

Венгрия бош вазири Виктор Орбан ўз мамлакатининг 1 июлдан бошланадиган Европа Иттифоқи кенгашига раислиги энг муҳим нуқталари қаторига янги миграция стратегиясини киритди. «Энг муҳим нуқталар: биз Европа иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишни хоҳлаймиз, урушни тугатиш тарафдоримиз ва миграция муаммосини ҳал қилиш керак», деди у 23 июн, якшанба куни Funke медиа-гуруҳи нашрларига берган интервюсида

Орбан миграция масаласига батафсил тўхталди. У Германия федерал канцлери Олаф Шолцнинг ЕИдан ташқарида Европа Иттифоқига киришни хоҳловчи муҳожирлар аризаларини кўриб чиқиш бўйича позициясини маъқуллашини таъкидлади. 

Сиёсатчининг таъкидлашича, Венгрия аллақачон бошпана сўровларини мамлакатдан ташқарида кўриб чиқиш схемасини яратган. «Агар муҳожирлар Венгрияга келмоқчи бўлса, аввало, Сербия пойтахти Белграддаги элчихонасига мурожаат қилишлари керак, агар Венгрия расмийлари «яшил чироқ» ёқса, мигрантлар кира олади, акс ҳолда бу юз бермайди», деди бош вазир. 

Орбаннинг фикрича, тўққиз йил аввал Европада миграция билан боғлиқ вазият ҳақидаги огоҳлантиришлари тўғри бўлган. 2015 йилда миграция инқирози авжига чиққанида, сиёсатчи миллионлаб муҳожирларни қабул қилиш учун кампания олиб бораётган европалик сиёсатчиларга мурожаат қилиб, шундай деганди: «Сиз хоҳлаган нарсани қилишингиз мумкин, бу сизнинг миллий қарорингиздир. Аммо чегараларингизни ноқонуний миграцияга очсангиз, бу катта хавф туғдиришини ҳисобга олишингиз керак». 

Европа суди Венгрияга жарима тўлаш мажбуриятини юклади

13 июн куни Европа суди Венгрияга Европа Иттифоқининг бошпана ҳақидаги амалдаги қонунчилигига риоя қилмагани учун 200 миллион евро миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини юклади. Венгрия, хусусан, бошпана бериш тартибига киришни чеклаб қўйди ва бошпана изловчиларни транзит зоналарида ноқонуний ушлаб турган. Бу билан Венгрия Европа Иттифоқининг бошпана бериш бўйича умумий сиёсатини атайлаб четлаб ўтмоқда, бу эса Европа Иттифоқи қонунлари бирлигига ва аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликка жиддий хавф солади, дея маълум қилди Европа суди судялари.

Top