Жаҳон | 15:12 / 29.07.2024
3566
4 дақиқада ўқилади

Германиянинг давлат қарзи 2445 миллиард евролик кўрсаткичга етди

Германия федерал бюджети қарзларининг ўсишига энергетика инқирозини бартараф этиш учун фонддан сарфланган харажатлар ва Бундесверни қайта жиҳозлаш учун қўшимча маблағлар ажратилиши таъсир кўрсатди.

Фото: Global Look Press

Германия Федератив Республикасининг давлат қарзи рекорд даражага кўтарилди ва 2023 йил охирида 2445,1 миллиард еврога етди. Бу аҳоли жон бошига 28 943 евро қарз даражасига тўғри келади. Маълумотлар 29 июл, душанба куни Висбадендаги Федерал статистика бошқармаси томонидан эълон қилинди.

Таъкидланишича, статистик маълумотларда Германия давлат бюджетларининг умумий қарзлари: федерал, ер ва муниципал бюджетлар, шунингдек, ижтимоий суғурта жамғармалари ҳисобга олинади.

Таққослаш учун: 2022 йил охирида Германиянинг давлат қарзи 2368 миллиард еврони ёки аҳоли жон бошига 28 165 еврони ташкил қилган. 2023 йилда Германия давлат қарзининг ўсиши федерал ва муниципал даражадаги қарзлар, шунингдек, ижтимоий суғурта фондлари қарзлари ошиши билан боғлиқ. Айни пайтда федерал ерлар ўз бюджетларининг қарзларини камайтиришга муваффақ бўлди, дейилади пресс-релизда.

Бошқа нарсалар қаторида, 2023 йил учун статистик маълумотларда акс этган давлат қарзи ҳажмига Германияда арзон Deutschlandticket йўлкира чиптаси жорий этилиши таъсир кўрсатди, бунинг натижасида кўплаб транспорт компаниялари катта зарар кўрди. «Статистикада бу сафар ҳисобга олинган жамоат транспорти компанияларининг қарзи бўлмаганида, 2023 йил охирида давлат қарзи даражаси 9,8 миллиард еврога кам бўлиб, 2435,4 миллиард еврони ёки аҳоли жон бошига 28 827 еврони ташкил қилган бўларди», деб тушунтиради Федерал статистика идораси.

Федерал бюджет қарзлари 

Федерал бюджет даражасида Германиянинг қарзи 2023 йил охирида 1696,3 миллиард еврони ташкил этди, бу 2022 йил охири даражасидан 75,9 миллиард евро ёки 4,7 фоизга юқори. Бу, биринчи навбатда, Россиянинг Украинага қарши уруши натижасида юзага келган энергетика инқирозини бартараф этиш чора-тадбирларини молиялаштирган Энергетика иқтисодиётини барқарорлаштириш жамғармаси билан боғлиқ қарзлар ўсиши, шунингдек, Бундесвернинг ускуналари модернизацияси ва қайта жиҳозланиш учун қўшимча маблағлар ажратилиши билан боғлиқ.. Умуман олганда, бу икки соҳа, статистик маълумотларга кўра, давлат қарзи 47,3 миллиард еврога ошишига олиб келди.

Федерал ерларнинг қарзи камайиши 

Шу билан бирга, Германия федерал ерлари бюджетларининг қарзи 2023 йил охирида 12,7 миллиард еврога ёки 2,1 фоизга камайиб, 594,2 миллиард еврога етди. Бу аҳоли жон бошига ўртача 7033 евро қарзга тўғри келади. Тегишли кўрсаткич федерал ер мақомига эга бўлган шаҳарларда энг юқори бўлди: Бремен (аҳоли жон бошига қарз 34 012 евро), Ҳамбург (17 095 евро) ва Берлин (16 602 евро). Бироқ, шуни ҳисобга олиш керакки, бошқа федерал ерлардан фарқли ўлароқ, бундай мақомга эга бўлган шаҳарлар ҳам муниципал даражада харажатларни ўз зиммасига олади, деб эслатади Федерал статистика бошқармаси. 

Германияда муниципал бюджетлар қарзи 2023 йил охирига келиб 154,6 миллиард еврога ошган, бу 2022 йил охири даражасидан 9,8 фоизга юқори. Ҳисобот даврида ижтимоий суғурта фондлари қарзининг энг кам ўсиши кузатилди: 41 миллион евро. Шунга қарамай, бу кўрсаткич қарзнинг 90 фоизга ўсишига тўғри келади: 2022 йилда бу соҳадаги қарз ҳажми «атиги» 22 миллион еврони ташкил этди. 

Мавзуга оид