Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Ислом Каримов: жасорат, қаҳрамонлик ва қатъиятни ҳар доим ёдимизда тутамиз
07:23 / 09.05.2015
8997

Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов 8 май куни Москвада бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарларининг Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабининг 70 йиллигига бағишланган норасмий учрашувида иштирок этди. “Ўзбекистон” ахборот агентлигининг хабар беришича, у ўз чиқишида Ўзбекистон раҳбари ҳаётларини ўртага тикиб Ер юзидаги озодликни ҳимоя қилган инсонларнинг жасорати, қаҳрамонлиги ва қатъияти ҳеч қачон унутилмаслигини таъкидлаб ўтди.
Ислом Каримовнинг қайд қилиб ўтишича, Ўзбекистон фашизм устидан қозонилган ғалабага ўз муносиб ҳиссасини қўшган. Жумладан, республиканинг ўша пайтдаги 6.5 млн аҳолисидан 1.5 млн киши фронтга йўл олган, улардан 500 минги ўз уйларига қайтиб келмаган. Уларнинг хотирасини абадий сақлаш мақсадида барча исм-шарифлар Ўзбекистонда ўрнатилган Хотира китобига зарҳал ҳарфлар билан ёзилгандир.
Бундан ташқари, ўзбек халқи уруш йилларида миллатчилар томонидан забт этилган ҳудудлардан кўчирилган 1 млн дан ортиқ одамга, шу жумладан, 200 мингча етим болаларга бошпана берди.
Маълумки, 2015 йил Ўзбекистонда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинган. Бунинг юзасидан давлат Дастури қабул қилиниб, унда кекса инсонлар, биринчи навбатда уруш ва меҳнат фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасида конкрет чора-тадбирлар кўзда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси республикада ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган кенг миқёсдаги тадбирлар бўлиб ўтаётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 8 май куни Кремлда МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллигига бағишланди. Унда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон раҳбарлари иштирок этди.


Улашинг
  • Теглар:
Top