Ўзбекистон ТИВда бир қатор давлатларнинг элчилари билан учрашувлар бўлиб ўтди
11:45 / 20.05.2015
1581

18-19 май кунлари давомида Ўзбекистон ТИВда Япония, Хитой, Буюк Британия, Франция, Германия элчилари, шунингдек Европа Иттифоқи ҳамда БМТТД вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизматида хабар берилишича, Япония элчиси Фумиҳико Като билан учрашувда икки томон кун тартибининг долзарб масалалари, жумладан режалаштирилаётган Ўзбекистон-Япония учрашувлари жадвали муҳокама қилинди.
"Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лицзе билан учрашувда икки томонлама алоқаларнинг амалий масалалари, жумладан бўлажак қўшма тадбирларда Хитой томонининг иштироки муҳокама қилинди", дейилади хабарда.
18 май куни БМТнинг Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Доимий вакили Стефан Приснер билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги алоқаларнинг амалий масалалари, жумладан бўлажак учрашувлар жадвали ва кун тартиби муҳокама қилинган.
Шунингдек, 19 май куни Буюк Британия элчиси Жорж Эдгар, Германия элчиси Найтхарт Хефер-Виссинг, Франция элчиси Жак Анри Эльс ҳамда ЕИнинг Ўзбекистонда бўлиб турган вакили Ондрий Шимек билан учрашувларда ҳудудий ва халқаро миқёсдаги масалалар кўриб чиқилди.


Улашинг
  • Теглар:
Top