Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Мексиканинг Акапулько курорти дунёнинг энг хавфли шаҳарлари учлигидан ўрин олди
10:36 / 05.08.2015
3230

Мексиканинг Герреро штатида жойлашган машҳур Акапулько курорти дунёнинг энг хавфли шаҳарлари сирасига кирди. Бу ҳақда “Реформа” нашри хабар бермоқда.
Мексиканинг “Жамоат хавфсизлиги ва жиноий адлия бўйича фуқаролик кенгаши” нодавлат ташкилоти томонидан тузилган рейтингда Тинч океани қирғоғида жойлашган шаҳар содир этиладиган қотилликлар бўйича учинчи ўринни эгаллади – ҳар 100 минг кишига 104 қотиллик.
Биринчи ўринга Гондурасдаги Сан-Педро-Сула шаҳри қўйилди. Унда бу кўрсаткич ҳар 100 минг кишига 171 қотилликдир. Иккинчи ўринни эгаллаган Каракас шаҳрида эса (Венесуэла пойтахти) 100 минг кишига 115 қотиллик тўғри келмоқда.
Акапулько ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг маълум қилишича, жорий йилнинг дастлабки беш ойида қотилликлар сони 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 42 фоизга ошган.
Герреро штати бош прокурори Анхель Годинес Муньос берган маълумотларга қараганда, ушбу оғир жиноятларни асосан 20 ёшга етмаган шахслар содир этади. Улар одатда минтақанинг жиноий оламини назорат остига олиш учун курашаётган гуруҳлар таркибига киради. Бундай картелларнинг энг йириклари “Мичоакан оиласи” ва “Халисконинг янги авлоди”дир.


Улашинг
  • Теглар:
Top