Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Самарқанднинг тунги клубларида ўтказилган рейдларда 400 киши қўлга олинди
13:24 / 05.08.2015
12355

Самарқанд ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан “Альтерэго”, “Патая”, “Джованни”, “Шаҳристон” ва “Ниагара” тунги клубларида ўтказилган рейдларда меҳнат ва солиқ қонунчилигининг қўпол тарзда бузилиб келинаётгани аниқланди. Бу ҳақда маҳаллий журналист Тошпўлат Раҳматуллаев ўз блогида хабар қилди.
1 августдан 2 августга ўтар кечаси уюштирилган рейд тунги клублар ишининг ташкилий томонидаги барча камчиликларни кўрсатиб берди, деб ёзади журналист. Ашёвий далил сифатида инкассация қилинмаган 2 млн сўм тушум, 30 млн сўмли контрафакт спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлар ва чекишга мўлжалланган қоришмалар олинди. Клубларда “икки томонлама бухгалтерия” юритилгани аниқланиб, жорий йилнинг ўтган даврида 250 млн сўм маблағ учун солиқ тўланмаганлиги маълум бўлди.
Клубларда ноқонуний ишлаётган 9 ходим, 30дан ортиқ “енгил табиатли” қизлар, 20 нафар раққоса қўлга олинди. “Альтерэго” клубида марихуана излари бор иккита пластмасса идиш топилди.
Қўлга олинган мижозлар ичида давлат муассасалари ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари, бадавлат тижоратчиларнинг ўғиллари бор. Уларнинг аксарияти маст ҳолда енгил табиат қизлар даврасида ўтирганида қўлга олинган.
Қўлга олинганларнинг умумий сони 400 кишини ташкил қилди.


Улашинг
  • Теглар:
Top