Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Ўзбекистонда IPv6дан фойдаланишга ўтиш истиқболлари муҳокама қилинди
20:06 / 22.10.2015
2869

2015 йил 21 октябрда Ўзбекистон Алоқа тарихи музейида телекоммуникация операторлари ва провайдерлари учун IPv6 (Internet Protocol version 6) протоколидан фойдаланишга ўтиш бўйича чора-тадбирлар режасига оид лойиҳалар муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда IPv6 манзиллаштирилишини жорий этиш интернет ва телекоммуникациялар ривожида муҳим босқич экани, бу иш иқтисодий, техник ва эксплуатацион омилларга боғлиқ бўлгани сабабли узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳага аввалдан тайёргарлик кўриш зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистонда телекоммуникация соҳасида фаолият кўрсатаётган 24 компаниянинг 60 нафардан зиёд вакили иштирок этди.
IPv6 (ингл. Internet Protocol version 6) — алоҳида компьютер тармоқларини бутун дунё интернет тизимига улашга хизмат қиладиган IP (тармоқлараро) протокол бўлиб, тармоқларни манзиллаштириш унинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Унинг ишлаб чиқилишига энг сўнгги намуна – IPv4 протоколидаги кўплаб муаммолар сабаб бўлган эди. Яъни, айни пайтда Ўзбекистонда амалда қўлланиб келинаётган IPv4 протоколидан интернетда фойдаланишда 128 битли узун манзиллардан фойдаланилади. Янги намунада эса бу кўрсаткич 32 битни ташкил этади.
IPv4 манзилли макони ўз ниҳоясига етиши билан бир вақтнинг ўзида иккита – IPv6 ва IPv4 протоколларидан параллел (ингл. dual stack) фойдаланишда давом эттирилади. Бунда янги манзиллаштиришнинг улуши IPv4 нисбатан мунтазам равишда ошириб борилади. Бу ҳолат, IPv6 протоколини қўллаб-қувватламайдиган ускуналар сонининг кўплиги сабабли, фақатгина IPv6дан фойдаланувчи технологиялар тўлиқ жорий этилгунига қадар давом этади.


Улашинг
  • Теглар:
Top