Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Бухарестдаги ёнғин туфайли қурбон бўлганлар сони 51 нафарга етди
09:07 / 12.11.2015
1256

Руминия пойтахти Бухарест марказидаги машҳур тунги клублардан бирида 31 октябрга ўтар кечаси содир бўлган ёнғин натижасида қурбон бўлганлар сони 51 кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Associated Press хабар қилди.

Ёнғин рўй берганда воқеа жойида 26 киши ҳалок бўлганди. 150 нафардан ортиқ киши шифохоналарга етказилган, ҳозиргача улардан 23 нафарининг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. Жароҳатланганларнинг 30 нафардан ортиғи Буюк Британия, Исроил ва Нидерлендия каби мамлакатларга даволаниш учун юборилганди.

11 ноябрь куни Буюк Британияга олиб борилганлардан 2 нафари жон берган. Брумфилд шифохонасида 19 ёшли Владута Роберто Эндининг, Ливерпулдаги шифохонада эса 18 ёшли Элен Нитунинг ўлими қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, 30 октябрда бинонинг ертўласида жойлашган тунги клубда бепул рок-концерт ўтаётган бўлганида ёнғин чиққанди. Концертга 400 нафарга яқин ёшлар йиғилган. Пиротехник шоу вақтида шифтдаги пенопластдан ясалган безак элементлари ёниб кетган. Сўнгра портлаш юз берган. Гувоҳларнинг айтишича, кўпчилик саросимада ягона чиқишга отилган ва у ерда тиқилинч юз берган. Маълум қилинишича, кўпчилик нафас сиқишдан ҳалок бўлган. Руминия ОАВларининг маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида хорижликлар ҳам бўлган.

Бу ҳодисадан кейин Руминияда норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Бу ёнғин жабрланувчиларига ёрдам кўрсатиш ишларида НАТО томонидан ҳам кўмак берилмоқда.


Улашинг
  • Теглар:
Top