Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Орландо фожиаси сабабчисининг сўнгги хабарномаси маълум бўлди
09:58 / 16.06.2016
14833

Орландодаги тунгги клубда отишма келтириб чиқарган ва бунинг натижасида 49 кишининг умрига зомин бўлган қотил “фейсбук”даги ўз саҳифасида бир нечта хабарнома жойлаштиришга улгурган. Бу ҳақда миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Рон Жонсоннинг маълумотига асосланиб, Fox News хабар бермоқда.

Қирғин сабабчиси Умар Матин ИШИД террорчилик ташкилоти раҳбари Абу Бакр ал Бағдодийга байъат берган (эргашган) ва “ҳақиқий мусулмон Ғарб танлаган йўлдан кетмайди”, дея ўз фикрларини билдирган.

“Сиз авиазарбалар туфайли бегуноҳ аёллар ва болаларни ўлдирмоқдасиз. ИШИД қасосини қабул қилиб олинг”, - деб ёзган у ижтимоий тармоқда.

Матиннинг қўшимча қилишича, АҚШ ва Россия ИШИД бомбардимон қилишни тўхтатиши керак. У, шунингдек, яқин кунлар ичида АҚШ ҳудудида жангарилар гуруҳи ҳужум қилишини ҳам айтиб ўтган.

Маълум бўлишича, у қотиллик қилишидан олдин ОАВдан “Pulse Orlando” ва “shooting” (отишма) сўзларини кузатиб борган. У ўзи учун интернетдан ИШИД етакчисининг сўзларини ва Сан-Бернардино террорчиларининг маълумотини қидирган.

ФҚБ манбасининг айтишича, Матин клубда 16 та қўнғироқ амалга оширган. У кимга қўнғироқ қилгани аниқлаштирилмоқда. Ўз навбатида, сенатор Жонсоннинг айтишича, дастлабки маълумотларга кўра, Умар Матиннинг “фейсбук” ижтимоий тармоғида бешга яқин аккаунти бўлган. Ҳукумат компаниядан ушбу аккаунтлар юзасидан маълумот тақдим этишни сўраган.


Улашинг
  • Теглар:
Top