Ромарио Рио-де-Жанейро шаҳри мэрлиги учун сайловда ўз номзоди билан қатнашади
10:38 / 21.06.2016
2168

Таниқли собиқ футболчи, 1994 йилги ЖЧда Бразилия терма жамоаси сафида чемпион бўлган Ромарио Бразилия Социалистик партияси номидан Рио-де-Жанейро шаҳри ҳокимлиги учун сайловда ўз номзоди билан қатнашмоқчи. 2014 йилда Федерал Сенатга (Миллий парламентнинг юқори палатаси) сайланган обиқ футболчининг бу бўйича баёноти душанба куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинган.

"Мен сенаторликка ўз номзодимни кўрсатганимда кўпчилик менда бу иш учун тажриба етишмаслиги ҳақида гапирганди. Лекин ҳозирги сиёсий вазият шуни кўрсатмоқдаки, энг тажрибали сиёсатчилар тез-тез панжара ортига тушмоқда, менда бундай тажриба аниқ йўқ", деган Ромарио.

Бразилияда шаҳарлар мэрлари ва муниципалитет депутатлари сайланадиган биринчи тур сайловлари 2016 йилнинг 2 октябрь кунида бўлиб ўтади. Икккинчи тур 30 октябрга белгиланган. Иккинчи турда биринчи босқичда 200 минг номзод орасида мутлақ даражада кўп овоз олган номзодлар қатнашади. Сайловолди кампанияси 16 август куни бошланади.

Ромарио 1987 йилдан 2005 йилгача Бразилия терма жамоаси сафида 70та учрашувда майдонга тушган ва 55та гол урган. У тўпурарлик борасида Пеле ва Роналдодан кейинги учинчи ўринда туради. У терма жамоа билан энг юқори натижани 1994 йили АҚШ майдонларида кечган ЖЧда чемпион бўлиш орқали қайд этган. Бундан ташқари у терма жамоа билан 1989 йилги ва 1997 йилги Америка Кубоги турнирларида зафар қучган. Унинг ўз ҳисобига кўра, у ўз фаолияти давомида 1000та гол урган, лекин ФИФА бу кўрсаткични тан олмайди.

Ромарио 2002 йилда фотомодель Изабелла Бетанкурга уйланган. Унинг ўғли Ромариньо 1993 йилда туғилган.

Рио-де-Жанейро штати ҳудудидаги Дуки-ди--Кашиас шаҳрида Ромарио номидаги стадион мавжуд.

Футболчиликдан кетгач, сиёсат билан шуғуллана бошлаган Ромарио 2010 йилда Социалистик партия номидан Миллий конгресснинг (парламент) қуйи палатасига депутат этиб сайланди. 2014 йилда эса у 4 миллиондан ортиқ сайловчининг овозини тўплаб, Рио-де-Жанейро штати номидан Федерал сенат сенатори бўлди.

Манба: Tribuna.uz


Улашинг
  • Теглар:
Top