Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Майна бўлаётган “майнандалар
16:57 / 22.06.2016
11425

Қишлоғимизда отарчилар кўп эди. Уларнинг деярли ҳаммаси қачонлардир қўлига китоб олиб, куйлаётган қўшиқларининг шеърларини ўқиганига аввал ҳам, ҳозир ҳам ишонмайман. Улар нимани эшитсалар, шуни куйлашарди. Масалан, “Сўранг” деган қўшиқдаги “Майсаларга зар сочиб тошган Зарафшондан сўранг” деган сатрлар “Тошкент, Зарафшондан сўранг” деб куйланарди. Ёки дарёлар хақидаги қўшиқнинг “Ўз тилида нималардир гапиради” деган сатрлари “Рус тилида нималардир гапиради”, деб куйланишига бир неча бор эътироз билдирганман. Аммо кейинги гал яна эски ҳаммом эски тос бўлиб, ўз билганича куйлашарди. Мен, “ишқилиб Эркин Воҳидов ва Шерали Жўраев қишлоғимиздаги тўйга келиб қолмасин-да”, дер эдим. Чунки отарчиларимиз “Ўзбегим”ни радди бало қилиб куйлашардики, бу қасида сатрлари билан таниш бўлганларнинг эътирозига сабаб бўлиши аниқ эди. Отарчиларнинг хонишларини эшитиб, Эркин Воҳидов қаламини, Шерали Жўраев эса торини синдириши аниқ эди. Отарчилар ўз номи билан отарчи, аммо профессионал хонандаларимизнинг ҳам қўшиқлар матнларини бузиб куйлаётганига нима дейиш мумкин?! Хушовоз хонандамиз “Қаноатда Саида шунча бўлурми, ҳай-ҳай” сатрларига ўз номини қўйиб куйланганида анча эътирозлар билдирилган эди. Садоқат ва қаноатда Саида Зуннунова ва Зулфия опалар ўзларига ҳайкал қўйиб кетишган.

Бугунги айрим қўшиқчиларнинг хатти-ҳаракатларини кўрар эканмиз, шербачча ва тошбақа ҳақидаги мультфильм ёдга тушади.

Мультфильм мазмуни қуйидагича: Африкада Ррр-Мяу лақабли шербачча бўлади. Бир куни у саҳрода сайр қилиб юрар экан, Катта тошбақани учратиб қолади. Тошбақа офтобда тобланиб ётар, “Я на солнышке лежу” (“Мен қуёшда тобланиб ётибман”) дея қўшиқ куйларди. “Қандай ажойиб, шўх қўшиқ” дея шербачча тошбақага яқинлашади. Икковлон яқиндан танишиб олишгач, шербачча қўшиққа жўр бўлиб, “Я на солнышке сижу” (“Мен қуёшда тобланиб ўтирибман”) деб куйлайди. Бу ўз навбатида тошбақанинг эътирозига сабаб бўлади. “Ўтирибман эмас, ётибман”, дейди тошбақа. “Ахир мен ўтирибман-ку”, дейди шербачча. “Унда ётиб қўшиқ куйла. Аммо сўзни ўзгартирма. Ана ўшанда ҳаммаси ўз ўрнида бўлади”, дейди тошбақа атиги битта сўз ўзгартирилганидан ранжиб. “Нима бўлганда ҳам бу қўшиқни ётиб куйлаш керак!, - дейди тошбақа.- Ахир қўшиқ сатрлари меники-ку!” (- И всё-таки надо петь лежу! — сказала черепаха. — Это же я придумала!)

Майна деган қушни ҳамма билади. Бу қуш бошқа қушларнинг инига кириб олиб, уни ўзиники қилиб олар экан. Индаги тухумларни ташқарига чиқариб ташлаб, ўзининг тухумини қўяр экан. Айрим хонандалар бировларнинг қўшиқларни куйлар экан, мана шу майнанинг ишини қилаётгандек, гўё. Радиоканаллар ҳам асл хонанданинг қўшиғини эмас, кейингисини қайта-қайта эфирга узатмоқда. Айни шу қўшиқ эфирга узатилиши керак бўлса, аслини бериш яхши эмасми?! Катта ёшдагилар қўшиқ кимга тегишли эканини яхши билади. Аммо ўсиб келаётган ёшлар бундан бехабар бўлиб, кейин ижро этган хонандани тан олишлари кузатилмоқда.

Бу мисолларни нимага келтираяпмиз? Ҳамкасбларининг қўшиқларни ўзлаштириб олаётган бугунги хонандалар ижодини кузатиб, уларни бемалол “майнанда” дейиш мумкин. Аввалги мақоламизда фонограммадан фойдаланишгани учун уларни “Фонанда” деган эдик. Энди эса хонандаларнинг айримларини “майнанда” дейишга қарор қилдик. Чунки улар майна(қуш)нинг ишини қилиб майна(калака, масхара) бўлишмоқда. Авваллари ўзини ҳурмат қилган профессионал хонандалар ўзгаларнинг қўшиғини ижро этишга ийманишарди. Ижро этишдан аввал албатта илк ижрочидан рухсат сўрашарди. Буни биз Таваккал Қодировнинг Комилжон Отаниёзовдан рухсат олиб ижро этган қўшиғидан биламиз. Аммо ҳозир бундай эмас.

Раҳматли Оҳунжон Мадалиевнинг қўшиқларни ўзини Висоцкий сингари тутувчи ёш хонанда бузиб куйлаётганига нима дейсиз. Яқинда “онамни дуоси асрайди мени” деган қўшиқни эшитиб кўнглим анча ранжитди. Оҳунжон Мадалиев ижросида бу қўшиғини эшитар эканмиз, ўзимиз ҳам худди дуо олаётгандек бўлардик. Ўзбек Висоцкийси эса қўшиқ оҳангини бузиб куйлар экан ёқамиздан олиб , “нима қилсанг ҳам “онамни дуоси асрайди” мени” дея,  тепаётгандек бўлади.

Яна бир хонандамиз Оҳуннинг “Орденни болам деб бўлмайди, болам” қўшиғини айтибди. Авваламбор бу қўшиқ мақсадсиз афғон урушида ҳалок бўлган аскарнинг онаси тилидан куйланган. Анча таъсирли чиққан. Янги ижродан мақсад нима эканини очиғи билмадик. Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаш, халқимиз хавфсизлигини таъминлаш йўлида мардларча ҳалок бўлган ўғлонларимиз давлатимиз томонидан юксак мукофотлар билан тақдирланган. Бу қўшиқни уларнинг ота-оналари эшитса нима бўлади?

Ўзининг қўшиқлари билан элимизга равшан кўринган яна бир хонандамиз, эндиликда ижод қилишдан чарчади шекилли, бемалол устоз хонандаларнинг қўшиқларни куйлашга, куйлаганда ҳам қўпол равишда бузиб ижро этишга ўтди. Бу хонанданинг ўзи томонидан яратилган қўшиқлар деярли  одамларнинг эсидан чиқиб бормоқда. Яқинда кимдир, “унинг қўшиқлари қолмади, ҳисоб, ҳаммаси кўчирмакашликдан иборат”, деди. Яхшиси эски қўшиқларини қайта жонлантириб, халқ хукмига тақдим этгани яхши эмасми?!

Машҳур ҳофизимиз Шерали Жўраевнинг “Муқаддас аёл” деган қўшиғини ундан ўтказиб ижро этилган тақдирдагина куйлаш мумкин. Ҳофизимиз дард билан куйлар экан, аёллар дардини очиб беришга интилади. Бошқа хонанадаларнинг ижросида нимадир етишмайдиганга ўхшайди. Хонандаларимиздан бири бу қўшиқни куйлабди, ҳатто клип ҳам олдирибди. Қўшиқдаги “Лабингдан бол тотиб ҳам бўлди, Ва бу хақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди” ёки “Асов отнинг борар ери сен” деган сатрлар куйланар экан, худди шу жойда мўътабар аёлларнинг кўрсатилишига қандай баҳо бериш мумкин? Мана шу сатрларни мағзини чақиб кўриб кейин куйлаш ёки клипни суратга олиш керак эмасми?

Бир йиллар аввал бир тўйга бордик. Тўйхонада машҳур юлдузимизнинг қўшиғи куйланарди. Юлдузнинг ўзи келибди-да деб хурсанд бўлдик. Аммо ўртада бир эркак микрофон ушлаб турарди. “Во ажабо”, дея ёққа ушладик. Кўзинг борми, юзинг борми, демай бу эркак хонанда аёллар овозида фонограммада қўшиқ куйларди. “Мен, юлдузман” демаганига шукур қилдик.

Раҳматли Нуриддин Ҳайдаровнинг “Дўлана” қўшиғининг ўғли томонидан куйлангани ва олинган клипи ўринли танқидларга учради. Менинг фикримча, ўғли отаси номини машҳур қилишнинг янги йўлини топган кўринади. “Дўлана”нинг янги талқинини эшитган одам борки, отаси яхши куйлаган эди, дейишмоқда.

“Наргиз”, “Ширинлигинг шакарлигинг”, “Қурбон Ўлам” каби қўшиқларнинг аёл хонандалар томонидан ижро этилишини ҳам асло оқлаб бўлмайди.

Майна бўлаётган хонанадалар, балки, ўзларининг майна бўлаётганини билмас. Уларга очиқ айтиш вақти келди. Қўшиқлари бузиб куйланаётганидан зада бўлган Шерали Жўраев бир вақтлар “Ўзгалар қўшиғин айтгандан кўра кўлмакда бақа бўлиб сайраганнинг маъқул”, деб куйлаган эди. Шундай экан, устоз хонандаларимизнинг қўшиқларини куйлашдан аввал “майнандалар” бир ўйлаб кўрсалар фойдадан холи бўлмасди.

Шарофиддин Тўлаганов


Улашинг
  • Теглар:
Top