Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид: “Фарзандини қори қилмоқчи бўлган киши оиланинг луқмасига эътибор бериши муҳимдир”
11:56 / 23.06.2016
19983

Ўз фарзандининг ҳофизи Қуръон бўлишини, Аллоҳнинг каломини қалбига жойлаб, ундаги кўрсатмаларни ҳаётининг олтин қоидаларига айлантиришини ният қилган ота-оналар бор. Умумий олганда қўлига каломуллоҳни олиб, ундаги бир дона оятни тиловат қилган кишига битмас-туганмас ажр, ўша оят янграган хонадонда эса битмас-туганмас яхшилик, барака ва файз бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, бу каби савобли ишлар ойлар султони Рамазонда бўлса...

Шу муносабат билан Qadriyat.uz сайтида ҳофизи Қуръонлардан бири Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан суҳбат уюштирилди. 

— Қори ака, Рамазон шариф кечаларидаги хатми Қуръонда қироатингиздан баҳраманд бўлмоқдамиз. Аллоҳ рози бўлсин. Албатта, бунга эришишда устозларнинг ўрни беқиёс. Сизга Қуръони каримдан таълим берган устозларингиз ҳақида эслаб ўтсангиз.

— Илк устозимиз падари бузрикворимиз Яҳёхон қори бўладилар. У киши оталари Боқибиллоҳ қорида Қуръони каримни ҳифз қилганлар. Ҳаётларининг сўнгги ўн йилида масжидда хизмат қилганлар. Аввал “Девонабой” масжидида ноиби имом, 1983 йилдан “Уйғур” масжидда имом хатиблик қилганлар. 1989 йил оламдан ўтганлар.

Онамнинг саъй-ҳаракатлари билан бобомиз Ҳабибуллоҳ ҳожи дада бизни ўз устозлари Қобил Охун домланинг набиралари, марҳум устозимиз Бадриддин қори акага олиб бориб топширганлар. У кишидан ҳамда икки укалари Зиёуддин ва Сирожиддин қори акалардан таълим олганмиз. Бир қатор ёдлаб етказгач, такрор ва хатмга тайёргарликда асосан Бадриддин қори акамга ўқиб берганмиз.

— Ўзлари қори бўлмаган мухлислар фарзандларини ёшликдан Қуръони каримга муҳаббатли қилиб тарбиялашда нималарга эътибор беришлари керак? Шунингдек, фарзандини қори қилмоқчи бўлганларга қандай тавсиялар бера оласиз?

—  Бу жуда ҳам муҳим ва тафсилот талаб қиладиган савол. Қисқача бўлса-да, асосий эътибор бериш керак бўлган нуқталарга тўхталиб ўтсак. Уламоларимиз ва улуғларимизнинг бу борадаги тавсиялари ва тажрибаларини ўрганар эканмиз, фарзанд тарбияси ҳақида ҳали оила қурмай турибоқ ғам қилиш керак. Фарзандини қори қилмоқчи бўлган киши ҳали оила қурмаган бўлса, ушбу ниятига кўмак берадиган жуфт топишга ҳаракат қилиши матлубдир. Оиланинг луқмасига эътибор бериш ҳам муҳим. Солиҳ, қори бўладиган фарзанд тилаб дуода бўлиш керак. Фарзанд ҳомила чоғида онаси кўпроқ Қуръон ўқиши ва эшитиши ҳам яхши натижа беради.

Болага кўпроқ Қуръон эшиттириш, ёш қориларнинг тиловатларини кўрсатиш, қориларнинг ҳаётларидан сўзлаб бериш мурғак қалбда Қуръон муҳаббатини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.

Қуръонни болага, Ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳ таъкидлаганидек, тили равон бўлиши билан ўқитишни бошлаш керак. Аввалига кичик сураларни оятма-оят ёдаки ўқитилади. Янги оятни олдингилари билан қўшиб борилади. Ҳар бир сура тугаганда сура жамлашга бир-икки кун ажратилади. Оятларни ёдлатишда ва сураларни жамлашда телефон ё бошқа жиҳозларда ёдланаётган оят ё сурани қайта-қайта эшиттириш ишнинг осон кўчишини таъминлайди. Ёдланган сураларни ҳар куни ёки оракунда такрорлаб туришни ҳам унутмаслик керак.

Фарзандларни ўқиш учун уриб-сўкиш, қийноққа солиш ярамайди. Зеро, болаларимизнинг қори бўлиши шарт эмас, аммо Қуръонга муҳаббатли бўлиши фарздир. Айрим ота-оналар фарзандидан ҳофизи Қуръон бўлишни қаттиқ талаб қиламан деб уни бездириб қўйишади, бу яхши эмас албатта.

Болаларнинг Қуръонга муҳаббатини оширишда уларни вақти-вақти билан совғалар билан сийлаб туришнинг ҳам аҳамияти катта. Ҳар бир сура учун озгинагина қант-қурс, ўйинчоқ олиб берилса, каттароқ марралар учун яхшироқ совғалар, сайллар ташкил қилиб борилса, бола ўқиш чарчоғини ҳам унутиб юборади.

— Қуръони карим ҳофизлари хатм давомида энг аввало қайси жиҳатга аҳамият беришлари керак?

— Аввало ниятга катта эътибор бериш лозим. Хатмга ўтмоқчи бўлган қори аввало соф, тўғри, холис ният қилиб олиши лозим. Бу нафақат қори учун зарур, балки хатмнинг файзли бўлишида, одамлар ибодатдан чинакам баҳра топишида, мақсадлар ҳосил бўлишида катта аҳамият касб этади.

— Устозлар кўрсатмалари ва ўз шахсий тажрибангизга кўра, Рамазондаги хатмлардан қироат тезлиги қай даражада бўлмоғи матлуб?

— Умуман олганда, қироатни қайси мартабада ўқиган афзал, деган саволга кўпчилик уламолар ўрта мартабада ўқиш афзаллигини таъкидлашган. Баъзи олимларимизнинг айтишларича, бу худди миқдори оз, аммо қиймати юқори пул билан қиймати паст у, саноғи кўп пулни сарфлаганга ўхшайди. Бирида тафаккур ва тадаббур ҳисобига кўпроқ ажрга эга бўлинса, иккинчисида кўпроқ калима нутқ қилингани эвазига ажри ортади.

Ҳар бир Қуръон ўқигувчи қори ўз қаршисида Аллоҳ таолонинг тинглаб, кузатиб турганини унутмаслиги керак. Одамларнинг мулоҳазасини қилиб, Аллоҳ таолонинг муроқабасини бир четга суриб қўйиш жуда ҳам ёмон ҳолат. Фараз қилайлик, агар бирор обрўли ёки мансабдор шахснинг сўзини ё бирор шеърини унинг олдида одамларга ўқиб берадиган бўлсангиз, қанчалар эътиборли бўласиз. Ҳарқалай шариллатиб ўқиб бермасангиз керак?! Наҳот, ҳар бир нарсани, ҳатто чумолининг ҳаракатини ҳам кузатиб турган Зотнинг каломини, илоҳий каломни ўқиётганда ўшанчалик эҳтимом берилмаса!

— Баъзида учраб турадиган номақбул ҳолатлардан атай йиғламсираб ўқиш, одамларни йиғлатишга уриниш, кишиларни таъсирлантириш илинжида ноўрин овоз кўтариш каби ҳолатларга муносабат қандай?

— Бу каби ҳолатлар ихлос ва самимиятнинг ноқислигидан бўлиб, қироат имомлари қадимдан бундай хатолардан огоҳлантириб келганлар. Аслини олганда бу илдизи жуда ҳам чуқур бўлган хатарли иллат бўлиб, кичик ширк бўлмиш риё ва сумъанинг аччиқ меваси ҳисобланади. Қуръон ўқувчи қори бундан ҳазир бўлиши вожибдир. Акс ҳолда ҳадисларда айтилган ёмон оқибатга қолиши хавфи бор.

Қуръон ўқиш чоғида қалб жунбушга келиб, вужуд таъсирланиб, кўзлар намланса, бу айни муддао. Шунда ҳам бу ҳолни яширишга уриниш керак. Аммо бундай ҳолни «таклиф қилиб чақириш», ички туртки бўлмай, зоҳирда хушуъ изҳор этиш риёнинг аломатларидан саналади. «Қуръон ўқиганда йиғланглар, агар йиғлай олмасанглар, йиғлашинглар», деган мазмундаги кўрсатма эса шахсий ҳолатга тегишли бўлиб, бошқа маънода: қалб қаттиқлигига йиғлаш, ичдан йиғлашга интилиш хусусидадир.

— Таровеҳдаги Хатми Қуръонда қорилар маълум азоб ва хушхабар оятларини ўқиётиб йиғлаганларига ва жамоатни ҳам (баъзилари оятнинг мазмунини тушунмаса-да) йиғлатганларига гувоҳ бўлганмиз. Худди ўша оятни бошқа сафар, ўша масжидда ўқилганида эса бундай ҳолат бўлмаслиги ҳам мумкин. Бу ҳолат нима билан боғлиқ? Бутун жамоат йиғлаган хатмларни эслай оласизми?

— Инсоннинг жисмоний қуввати ҳамиша бир хил бўлмагани каби руҳий ҳолати ҳам ўзгариб туради. Ҳадисда айтилганидек, бир ундоқ, бир мундоқ бўлиб туради.

Бу ўзгарувчанлик қорига ҳам, тингловчига тегишли. Мана шу ҳолат сиз айтган турлиликка сабаб бўлса керак. Баъзан жамоатнинг ихлос-муҳаббати қорига шундай илҳом бахш этадики, у ҳатто ўзининг одатий имкониятлари чегарасидан ҳам юксалиб кетади. Гоҳида қорида шундай ҳол пайдо бўладики, бутун жамоатни ўз оламига олиб кириб кетади. Тажрибалар шуни кўрсатадики, баъзан хатмни ташкил қилган кишиларнинг ниятлари ва муҳаббатлари ҳам хатмдаги руҳиятга таъсир қилади. Бунда нима сир бор билмайман-у, лекин бу кўп кузатилган воқеликдир. Шуни таъкидлаш ўринлики, мазкур гапларнинг ҳаммаси ҳам банданинг ожизона хулосалари, аслида эса ҳаммаси ҳам Аллоҳ таолонинг беришига боғлиқдир.
Аллоҳ таоло халқимизнинг Қуръони Каримга бўлган муҳаббатини, иштиёқини бундан ҳам кўпайтирсин! Юртимизда етказилаётган хатми Қуръонларни даргоҳида қабул айлаб, барча-барчамизга файзу барканинг зиёда бўлишига, моддий-маънавий ютуқларга боис бўлишига сабабчи айласин! Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ дуолари: қориларимизнинг сонини ва сифатини янада зиёда қилсин!

Давронбек Тожиалиев тайёрлади.


Улашинг
  • Теглар:
Top