ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси: Буюк Хитой девори  
23:22 / 24.06.2016
18236

Буюк Хитой девори ҳақида эшитмаган зиёли кишини ер юзида  топиш қийин. Буюк Хитой девори сайёрамиздаги инсон қўли билан яратилган энг йирик, шу билан бирга энг ноёб меъморий иншоотлардан бири ҳисобланади.

Эрамиздан аввалги 247 йилда Цинь ҳукмдори Чжуан Сян Ван вафот этганидан сўнг Цинь Ши Хуанди номи билан тахтга ўтирган Ин Чжэн  даврида бошланган “Вань ли чан чэн”, яъни “10 минг ли узунликдаги девор” (1 ли 576 метрни ташкил қилади) номини олган мазкур иншоотнинг қурилишида ўша даврда яшаган Хитой аҳолисининг бешдан бир қисми иштирок этган.

Оммавий ахборот воситаларида тарих синовларига, табиат инжиқликларига дош берган Буюк Хитой девори бугунги кунда Давлат муҳофазасига олинган бўлишига қарамай, аста-секин емирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мамлакатда  ер ости бойликларини  яширин тарзда қазиб олиш билан шуғулланадиган конлар Буюк Хитой девори яқинида жойлашгани бунинг асосий омилидир. Синьхуа ахборот агентлиги тарқатган хабарга қараганда,  Буюк Хитой деворининг Хэбей вилоятидаги Лайюань уезди яқинидан ўтувчи 700 метрлик қисми бутунлай вайрон бўлган. Агар вазият шу даражада давом этадиган бўлса, тез орада девор миноралари ҳам ағдарилиши мумки. Айни шу минтақада ўнлаб кичик конлар борлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Шуни таъкидлаш керакки, ЮНЕСКО ва Хитой ҳукумати томонидан муҳофаза қилинадиган иншоотнинг ички Мўғулистондан ўтувчи қисми қулаб тушгани ҳақидаги илк хабар бир неча йил олдин матбуотда пайдо бўлганди. Пойтахт Пекин шаҳри жойлашган Хэбэй вилоятидаги шунга ўхшаш сўнгги ҳодиса Буюк Хитой девори ўтадиган барча минтақаларда вазият мураккаблигини кўрсатиб қўйди. Чунки иншоотнинг 70 фоизи хавф остида қолган. Айрим минтақаларда конларга йўл очиш мақсадида девор атайлаб бузилаётгани, деворнинг ғишт ва тошлари эса хўжалик ишларида фойдаланиш учун олиб кетилаётгани  борасида ҳам  бонг урилмоқда.

Ҳар бир давлатнинг расмий рамзларидан ташқари камида битта тимсоли бўлади. Сариқ денгиздан то мамлакат Шимоли-ғарбий минтақасидаги чўлларга қадар чўзилган, шаҳар ва қишлоқ, водийлар, тоғ-у ўрмон, ҳатто ботқоқликлардан ўтган Хитой рамзи саналмиш Буюк Хитой деворининг қурилиши эрамиздан аввалги 5 асрда бошланиб, эрамизнинг 17 асрига қадар давом этган. Жаҳон архитектура тарихида беқиёслиги билан ажралиб турадиган Буюк Хитой девори қурилишини уч босқичга бўлиш мумкин.

Биринчи босқич, таъкидланганидек Цинь императори Ши Хуанди даврида бошланган. Хитой ерларини бирлаштирган ҳукмдор сифатида танилган Ши Хуанди ўз куч-қудратини намойиш қилиш мақсадида буюк иншоотлар барпо этишга аҳд қилади. Шуни таъкидлаш керакки, Буюк Хитой девори бўш жойда, бирданига қурилмаган. Қадимги Хитойда ўзаро рақобатда бўлган шаҳарлар мавжуд бўлиб, уларнинг атрофи деворлар билан қуршаб олинган эди. Император Ши Хуанди мана шу шаҳарлар атрофидаги деворларни бирлаштиришга, яъни ягона мудофаа иншооти қуришга қарор қилди. У мазкур иншоот қурилишига 500 минг кишини (айрим манбаларда 3 миллион киши дейилади) жалб қилади. Улар орасида Конфуций таълимотига эътиқод қилувчи донишмандлар ҳам бор эди. Император нима учундир мазкур диний таълимотни ёмон кўрган ва  бу таълимот намоёндаларини аёвсиз қирғин қилган. Ўша даврда барпо этилган Буюк Хитой девори ҳақида халқ томонидан  “Инсонлар қони ва суягидан қурилган”, “Жаҳондаги энг узун қабристон” ёки “Йиғи девори”  деган фикрлар айтилади. Чунки мазур иншоот остига 400 минг киши дафн этилгани борасида маълумотлар бор.

Иккинчи босқич эрамиздан аввалги 206-220 йилларга тўғри келади. Хань сулоласи императорлари мамлакат ҳудудларини кўчманчилардан муҳофаза қилиш мақсадида Буюк Хитой девори қурилишини давом эттириб, уни мустаҳкамлашга қарор қилади. Тупроқдан қурилган девор ўша даврда тошлар билан мустаҳкамланади.

Учинчи босқич. Буюк Хитой девори қурилишининг учинчи босқичига Мин сулоласи ҳукмдорлари 1 миллионга яқин кишини жалб қилади.   Шуни таъкидлаш керакки, Буюк Хитой деворининг ҳозирги кунга қадар сақланиб қолинган қисми 1368-1644 йилларда ҳукмронлик қилган Мин сулоласи даврида барпо этилган. Қурилишда асосан ғишт ва тошдан фойдаланилган. 1644-1911 йилларда, яъни салкам уч аср мобайнида ҳукмронлик қилган Син сулоласи даврида истеҳком сифатида Буюк Хитой деворига эҳтиёж бўлмагани сабаб қаровсизлик оқибатида ҳамда табиий омиллар боис  мазкур иншоот  аста-секин нурай бошлайди. Маҳаллий аҳоли эса  ўзлари учун турар жой бинолари қуриш мақсадида Буюк Хитой деворидан ғишт ва тошларни олиб кета бошлайди.

19 асрнинг 50-йилларида бошланган ерларни ўзлаштириш сиёсати натижасида Буюк Хитой деворининг Шаньси вилояти Мингин минтақасидан ўтувчи  қисмининг 60 километри емирилаётгани маълум бўлади. Ўшанда деворнинг 40 километри деярли йўқолиб кетганди.

Айни дамда мамлакатнинг 16та вилояти ҳудудида вайроналари сақланиб қолган Буюк Хитой девори 1962 йилда Хитой Миллий ёдгорликлари рўйхатига, 1987 йилда эса ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди. Давлат муҳофазасига олинган Буюк Хитой деворининг Бадалин, Шаньхайгуан ва  Цзяюйгуандан ўтувчи қисми таъмирланди. Бугунги кунда айни шу ҳудудларга  сайёҳлар олиб борилади. 1984 йилда Дэн Сяопин ташаббуси билан Буюк Хитой деворини таъмирлаш дастури қабул қилинди. Бу дастур Хитой ва хориж компаниялари, ҳамда хусусий шахслар томонидан молиялаштирилди. Таҳлилчилар Буюк Хитой девори қурилишининг тўртинчи босқичини Дэн Сяопин номи билан боғлашади.

Буюк Хитой деворида жами 25 мингта минора борлиги айтилади. Ҳар бир минора чап ва ўнг томондаги иккита минорадан кўриниб туриши шарт эди. Айрим манбаларда 4 минг, бошқа манбаларда 6 минг километрни ташкил қилиши айтиладиган Буюк Хитой девори барча сулолалар сиёсати, иқтисоди, ҳарбий фаолияти ва маданиятини акс эттирган. Ундан генераллар ва оддий аскарлар, истеъдодли ва ақлли усталарнинг қаҳрамонликларини ўқиш мумкин. Хитойликлар “мамлакат тарихининг ярмидан кўпини ташкил қилувчи Буюк Хитой деворини кўрмаганлар Хитойни тушунмайди”, деган фикрни айтишади. Замонавий Хитой раҳбарларидан бири Мао Цзе Дуннинг “Агар Буюк Хитой деворини кўрмаган бўлсанг, сени хитойлик деб атаб бўлмайди” деган сўзлари сайёҳларга кўринарли жойга ёзиб қўйилган.

“Осмон ости мамлакати” қудратини кўз-кўз қилувчи “Тош белбоғ”ни томоша қилиш учун ҳар йили 2 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради. Мамлакатни босқинчилардан муҳофаза қилиш мақсадида қурилган ҳарбий-мудофаа иншооти бўлмиш Буюк Хитой деворидан бир вақтлар минглаб аскарлар юрган бўлса, эндиликда уларнинг ўрнини  тарихнинг ноёб  ёдгорлигини ўз кўзлари билан кўриш мақсадида келган  сайёҳлар эгаллаган.

Шарофиддин Тўлаганов тайёрлади


Улашинг
  • Теглар:
Top