“Сохта адвокат”нинг фирибларига барҳам берилди
22:39 / 27.06.2016
3880

Акбар Раҳимовга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Қодир Кароматов ўзини адвокатман, дея таништирди. Аслида эса у бу соҳадан умуман узоқда бўлган, фирибгарликни касб қилган кимса эди. А.Раҳимов янги лойиҳалар асосида иншоотлар қуриш бошланганида савдо дўкони бузилгани, энди дўкон учун ер олмоқчилиги, бунга қонун томонлама ёрдам беришини сўраб, Қодир Кароматовга мурожаат қилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда. 

Қодир Кароматов эса катта ваъдалар бермаслигини, аммо йўл-йўриғини қилиб, ишини битириб беришини, фақат бу ишнинг харажати борлигини айтиб, А.Раҳимовдан минг “кўк”ини сўради.

А.Раҳимов эса бу нарх унга оғирлик қилишини, бир оз инсоф билан нарх айтишини илтимос қилди. Суҳбат ҳам, савдолашиш ҳам узоққа чўзилмади. Келишилганидек, йўл ёқасида, одамларнинг кўзидан пана жойда Қодир Кароматов Акбар Раҳимовдан 500 АҚШ долларини олиб, ички чўнтакка солди. Орадан 10-15 кун ўтиб, турли баҳоналар билан яна 200 АҚШ долларини қўлга киритди.
“Ҳожатбарор” сўралган хизмат ҳақини бериб, ишни битираман, деган  А.Раҳимов эса бу ишнинг натижасини узоқ вақт кутса-да, амалга ошмади.

Ҳийла ишлатишда давом этган Қ.Кароматов бу сафар қарамоғига яна бир соддадил инсонни илинтирди.

- Адвокатман, ака. Бирор хизмати бор одамдек турибсиз.

Мижоз эса ўғли билан келини чиқишолмай қолгани, ёшларнинг оиласи бузилиб кетишини хоҳламаслигини айтди. Қодир унга ёрдам бериши мумкинлигини, суд билан гаплашиши, келини билан ўғли, албатта, ярашиб кетишини айтиб, ўзича мижознинг кўнглини кўтарган бўлади. 
Абдураҳмон ака уйига кўнгли хотиржам қайтди. “300 АҚШ доллари эвазига келиним уйга қайтса, ўғлимнинг оиласи сақлаб қолинса... мен розиман...”, дея кўнглидан ўтказган ота фирибгарнинг алдовига учганини ўғли билан келини судга келган кунда “адвокат”нинг қўл телефонини кўтармай жуфтакни ростлаб қолганида сезди.

Фирибгар “адвокат”нинг эса ўз жиноий фаолиятини тўхтатиш нияти йўқ эди. “Аттарон” маҳалласидан чиққан таниқли “адвокат” ҳақида эшитган қоқиштувонлик Малика ая ҳўкизини Мирали қассобога бериб, 5 миллион сўм пулини ололмай юрган ўғли Ҳайдаралини чақирди ва зўр адвокат борлиги, уни сарсон қилиб юрган анави қассобдан пулини олиб бериши мумкинлигини айтди ва ўғлига адвокатни топишни буюрди. 

Онасининг топшириғини жон деб адо этган ўғил ҳам Қ.Кароматовдан ҳужжат сўраб ўтирмади. Фирибгар ундан 70 минг сўм сўради. 

- Хўп десангиз пластик карточкамни бераман, - деди Қ.Кароматов гўё “адвокат” эртагаёқ қассобдан 5 миллион сўмни келтириб берадигандек...

Аммо пластик карточкаси ҳам адвокат билан кетганини, сарсон-саргардонлик яна бошланишини хаёлига ҳам келтирмади.

Қинғирлик, албатта, бир кун фош этилади. Фирибгар қўлга тушиб, барча қилмишлари ўз исботини топди. Суд томонидан Қ.Кароматовга тегишли жазо тайинлади.


Улашинг
  • Теглар:
Top