Тадбиркорлардан 300 АҚШ доллари талаб қилган маҳалла раиси далилий ашё устида ушланди
13:01 / 27.06.2016
4776

Тадбиркорлик билан шуғулланишни мақсад қилган Мақсуд Юнусов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) акаси Соҳиб Юнусов билан биргаликда 2014 йилнинг май ойида “Vital holding” оилавий корхонасини ташкил қилишади. Тадбиркорлар ўша йилнинг июль ойида фойдаланилмай ётган Чилонзор тумани “Оқтепа” маҳалла йиғини идорасига вақтинчалик тасарруф этиш мақсадида фойдаланиш учун рухсат берилган чойхона биносининг бир қисмидаги савдо дўконини ижарага беришини сўраб, маҳалла раиси Муҳаббат Комилованинг олдига киришади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Маҳалла раиси розилик билдиргач, 2014 йилнинг 7 августида “Ижарага берувчи” сифатида –“Давлат мулкини ижарага бериш маркази”ДК, оилавий корхона раҳбари Соҳиб Юнусов ва МФЙ раиси Муҳаббат Комилова ўртасида уч томонлама ижара шартномаси тузилди.

Шартнома тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мулкий жавобгарлиги ва бошқа масалалар кўрсатилади. Шартнома шартларида ижарага олувчи ижарага олинган объектдан фойдалангани учун белгиланган ижара тўлов маблағларини ижарага берувчининг банк ҳисоб рақамига ўтказиб бориши кўрсатилган.

Ижара шартномасига кўра, шартнoма ҳар йилнинг бошида янгиланиб борилади. Бироқ охирги шартномадан кейин маҳалла раисинининг “феъли айниб”, тадбиркорлардан 300 АҚШ доллари миқдорида пора сўрайди. Табиийки, улар маҳалла раисининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқ тартибот идорасига мурожаат қилишади.

2016 йилнинг 29 январь куни Мақсуд Юнусов “Оқтепа” МФЙга бориб маҳалла раисига 100 АҚШ доллари беради ва қолган 200 АҚШ долларини эртага етказишни айтади. 30 январь куни СВОЖЖДЛҚК департаментининг Чилонзор туман бўлими ходимлари унга кимёвий ишлов берилган 200 АҚШ доллари бериб, ўзлари Мақсуд Юнусовнинг ортидан маҳалла идорасига боришади. Маҳалла раисининг хонасига кирган Мақсуд Юнусов қолган суммани олиб келганини айтиб, уни раисга узатади. Раис пулни олиб котибасига берганида қўлга тушади.

Суд Муҳаббат Комиловага нисбатан тегишли жазо тайинлади.


Улашинг
  • Теглар:
Top