Ўзбекистонда маҳаллий IP-манзилларининг ягона реестри тузилади
13:39 / 29.06.2016
2987

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, интернет тармоғининг миллий сегментида электрон манзилларнинг ягона рўйхати барпо этилади. Вазирликнинг шу мазмундаги буйруғи лойиҳаси http://regulation.gov.uz/ сайтига муҳокама учун жойлаштирилган. 

Ҳужжатда қайд этилишича, ягона рўйхатга олишни жорий қилиш, мониторингини олиб бориш ва умуман ягона рўйхатни амалга киритиш - миллий интернет сегментининг ҳудудидан самарали фойдаланиш, миллий телекоммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш ва ривожлантириш, унинг хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида жорий этилади. 

Ўзбекистоннинг миллий интернет сегментига, Ўзбекистон ҳудудида жойлашиб, республика ҳудуди орқали интернетга уланадиган ахборот тармоқлари, тизимлари ва ресурслари ёки миллий сегмент номидан фойдаланувчи сайтлар киради. 

Буйруқ лойиҳасига биноан, манзил кенгликлари (IP-манзиллар диапазони) минтақавий интернет-регистратори талабларига мувофиқ зарурий жараёнлардан  сўнг рўйхатга олиниб, Ўзбекистоннинг маҳаллий интернет-регистратори мақомини олган юридик шахсларига бириктирилгандан кейин миллий ҳисобланади. 

Интернет манзилларининг ягона рўйхатини юритиш, ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш вазифасини Ўзбекистон ахборот ва коммуникация технологиялари вазирлиги қошидаги Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази бажаради.


Улашинг
  • Теглар:
Top