Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Тожикистон ва АҚШ ҳарбий молиялаштириш масалаларини муҳокама қилди
21:17 / 16.12.2016
9626

АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси Тожикистон мудофаа вазирлиги билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳнинг ҳар йили ўтказиладиган уч кунлик йиғилишини якунлади. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси хабарида маълум қилинди.

Таъкидланишича, йиғилишда АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги ва унинг бўлинмаларининг 30 вакили ҳамда Тожикистон мудофаа вазирлигининг 12 зобити иштирок этди. Улар 2018-2019 йилларга белгиланган ўзаро алмашув дастурлари, симпозиумлар, ўқув машғулотлари ва курсларини ўтказишга тааллуқли масалаларни муҳокама қилишди.

Ишчи гуруҳ иштирокчилари Тожикистонга хорижий ҳарбий молиялаштириш соҳасидаги беғараз молиявий кўмак дастурини қўллаш борасидаги устувор йўналишларни келишиб олдилар.

АҚШ ва Тожикистон мудофаа вазирлиги ўртасидаги хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик 60 га яқин ўтказилган тадбирларни ўз ичига олади.

Бу тадбирлар икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини шакллантириш ва террорчиликка қарши кураш, чегараларни қўриқлаш, тинчликпарвар операциялар ва кўпмиллий мулоқот каби ўзаро манфаатли мавзуларга эътиборни мужассамлаштиришга қаратилган.

Йиғилишда АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Элизабет Миллард бундай ҳамкорлик минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга кўмак беришда муҳим роль ўйнашини таъкидлаб ўтди.  

 


Улашинг
Top