CES 2018: ўзиюрар “ақлли” чамадонлар 
00:39 / 13.01.2018
3452
Фото: Travelmate

Ҳайдовчисиз автомобиллар синов режимида ишлаётган бир пайтда ўзи ҳаракатланувчи чамадонлар шаҳарлар кўчаларига чиқишга тайёр. Travelmate стартапи Лас-Вегасда ўтган Consumer Electronics Show-2018 кўргазмасида “робот-чамадон”ни тақдим қилди. Бундай чамадон ўз эгаси ортидан 11 км/соат тезлик билан мустақил юра олиши мумкин. Уларни смартфондаги дастур ёрдамида бошқариш мумкин, чамадонларга тўсиқларни четлаб ўтиш ва одамларга урилиб кетмасликка ҳайдовчисиз машиналарда қўлланувчи технологиялар ёрдам беради. 

“Бу ғилдиракларга ўрнатилган, ҳар жойда ортингиздан қолмайдиган ҳақиқий роботдир”, деб айтмоқда Travelmate асосчиси Максимиллиан Ковтун. Сунъий онг элементлари антиқа чамадонга эгаси ёнида муайян масофада қолишга имкон беради. Смартфон ёрдамида эса чамадонни дрон каби бошқариш мумкин. Чамадон ҳам вертикал, ҳам горизонтал ҳолатда юра олади. 

Чамадон литий-ионли аккумуляторларда ишлайди, улар ёрдамида смартфон ва планшетларни қувватлаш мумкин. Батареяларни ечиб олса бўлади, шу сабабли чамадонни самолёт бортига олишдан бош тортилишидан хавотирланмаса бўлади. Travelmate’да унинг жойлашган ўрнини кузата олувчи чип ўрнатилган. Ғилдираклар чамадонга 360 градусга бурилишга имкон беради, унинг ёруғлик-диодли чироқларини кайфиятга кўра ўзгартириш мумкин. Чамадонлар февралдан АҚШда, сўнгра Европа ва Японияда 1100 доллардан сотувга чиқарилади.

Travelmate’нинг рақобатчиси Хитойнинг ForwardX стартапи бўлиб, у кўргазмада худди шунга ўхшаш чамадонни тақдим қилди. Бу чамадон юзларни таниш тизимини қўллайди ва смартфондан бошқарилишга эҳтиёж сезмайди. У ҳаракатланиш вақтида унга буюмлар ва пиёдаларни четлаб ўтишга имкон берувчи ҳайдаш алгоритмларидан фойдаланади. Унга имо-ишораларни ўқиш технологияси ва ўғрилардан ҳимоя тизими ўрнатилган. Қурилманинг литий-ионли батареялари олинади. Чамадон 2018 йил ўрталаридан 1000 доллар нархда сотувга чиқарилмоқчи.

Батареяларини ечиб олиб, ўзи билан самолёт салонига олволишнинг иложи бўлмаган “ақлли” чамадонлар ишлаб чиқарувчилари касодга учраши мумкин. Чунки 2018 йил 15 январидан АҚШнинг йирик авиакомпаниялари хавфсизлик ва алангаланиш хавфини минималлаштириш мақсадида самолётнинг юкхонасига литий-ионли батареяларга эга чамадонларни топширишни тақиқлашмоқчи.    


Улашинг
Top