Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб Оқсаройда кўргазмалар зали ишга тушади
20:45 / 13.01.2018
23677
Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб, Оқсаройда илк бор кўргазмалар зали ўз фаолиятини бошлайди. Бу ҳақида 12 январь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди. 

Ҳозирда Биринчи Президент Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш учун қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Аввал хабар берганимиздек, Биринчи Президент фаолият олиб борган Оқсарой қароргоҳида кўргазмалар зали, кутубхона ва музей ишга тушиши режалаштирилган. Кўргазмалар зали Биринчи Президентнинг таваллуд айёми арафасида жорий йилнинг 30 январь куни иш бошлайди. Кўргазмалар зали 3 қисмдан иборат: Катта зал, кичик зал ва очиқ зал. 

Кўргазмалар зали барча учун ўз эшикларини очади. Меҳмонлар экспозициялар орқали Ислом Каримов сиймоси гавдалантирилган тасвирий санъат намуналари, турли асарлар билан танишиш имконига эга бўлишади. Шунингдек, Биринчи Президент ҳаёти, иш фаолияти акс эттирилган кўплаб фотосуратлар намойиши ҳам намойиш этилади. 

Шунингдек, Оқсарой ҳудудида махсус боғ зонаси ҳам барпо этилади. Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси вакилларининг сўзларига кўра, Биринчи Президентнинг бош қароргоҳи ҳисобланган Оқсарой мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримов ҳаёти ва босиб ўтган йўллари билан янада яқинроқ танишишга имкон берувчи мукаммал мемориал масканга айланади.


Улашинг
Top