Хабарингиз бор, нусха кўчириш хизмати билан кун кўрувчи, икки оёғидан айрилиб қолган Муроджон Саидмаҳмудов ҳақда лавҳа эълон қилиб, хайрия акцияси уюштирган эдик. Яратганнинг хоҳиш иродаси ва яхши инсонларнинг кўмагида ушбу хайрия акциясида тушган маблағлар эвазига Муроджон айни кунларда Туркия давлатида бўлиб, даволаниш курсларини ўтамоқда. Сафар олдидан Муроджон билан суҳбатлашдик, таассуротлари ҳақида ўртоқлашдик.

У киши билан кўришганимизда илк бор кўрган инсонимиз ўрнида, мутлақ бошқача, кўтаринки кайфиятли, кўзлари ёниб турган Муроджонни кўрдик. У ўзидаги бу ҳолатни қуйидагича изоҳлади.

- Ушбу хайрия акцияси уюштирилгач, нафақат Ўзбекистондан, балки бутун дунёдан қўнғироқ қилишди. Ҳамма ҳол-аҳвол сўради, ёнимга келишди. Ёлғон бўмасин, дўстларим сони 200 дан ошди. Улар доим хабар олиб туришди. Нонуштага бир йўқлашса, тушда бир, кечки таомларни ҳам олиб келиб туришди. 

Туркиялик шифокорлар билан музокаралар олиб борилди. Ҳаётга бўлган қарашим ўзгарди. У ердан соғлом бўлиб қайтсам, тадбиркорлик қилиб, ўзимга ўхшаган ногиронларни иш билан таъминлайман, уларнинг ҳам ҳаётга бошқача кўз билан қарашларига сабабчи бўламан. Инсон Аллоҳга таваккал қилиб, фақат ва фақат ҳаракат қилиши зарур экан, - дея дилидагиларни изҳор этди Муроджон.

У хайрияда иштирок этиб, моддий ва маънавий ёрдам берган инсонлардан мингдан минг рози. Доим улар ҳақида дуода эканлигини қайта-қайта такрорлади.

Юқорида маълум қилганимиздек, Муроджон Саидмаҳмудов айни кунларда Туркиянинг Анқара шаҳрида. Вазнни камайтириш бўйича бир неча тиббий амалиётларни ўтмоқда. Чунки у сўнгги бир йил ичида жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб, ортиқча вазн тўплаган. Шифокорларнинг маълум қилишича, ортиқча вазнда қўйилган протезлар узоққа чидамас экан. Шу мақсадда аввал вазнни камайтириш бўйича даволаш курсларини бошлади. Насиб қилса, 1-2 ой ичида оёқларга протез қўйилса бўлади, деб маълум қилган шифокорлар. 

Муроджон яқин 1-2 ой ичида пойтахт Анқара шаҳрида бўлиб туришни режа қилган, моддий, маънавий ва руҳий қўллаб-қувватлашни истаганлар, хусусан, Туркиядаги ватандошлар учун Муроджон Саидмаҳмудов билан боғланиш рақами: +90 536 648 77 83.