Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг ноябрь ойида Наманган вилояти, Чортоқ туманида фаолият олиб бораётган  “Шерзод наслдор чорвадор” чорвачилик фермер хўжалиги  томонидан қилинган мурожаат бўйича сайтимизда “Чортоқ тумани ҳокимига чорвачилик бегона соҳами?” номли таҳлилий-танқидий мақола берилган эди. Унда, ёш тадбиркор фермер Шерзодбек Камаловнинг 100 бош наслли қорамолига ем-озуқа базасини яратиш учун берилган экин майдони олиб қўйилгани ёритилганди.

Мазкур мақола ижтимоий тармоқ ва кенг жамоатчилик ўртасида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Орадан уч ой ўтиб, мақоладан сўнг чорвачилик фермер хўжалиги билан боғлиқ муаммо қандай ҳал бўлгани билан танишиш мақсадида Чортоқ туманига яна йўл олдик.

Туман ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутасаддилари ва бошқа масъул шахслар “Шерзод наслдор чорвадор” хўжалиги билан боғлиқ ҳолат бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништиришди.

Мақола эълон қилинганидан сўнг, Наманган вилояти ҳокимлиги топшириғи билан туман ҳокимлиги томонидан соҳага алоқадор бир қатор ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган ва муаммоли ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилган. 

Ишчи гуруҳ “Шерзод наслдор чорвадор” хўжалигидаги мавжуд қорамоллар бошини ҳисобга олган ҳолда, меъёрий ҳужжатларга асосланиб, хўжаликка ем-озуқа етиштириш учун 12 гектар ер майдони ажратиш бўйича туман ҳокимига ўз  хулосасини берган.

Ҳокимлик мутасаддилари чорвадор фермерга ер майдони ажратилиши масаласи туман халқ депутатлари Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига қўйилганини билдиришди.

Чортоқ туманида ҳозирда 11 та чорвачилик ва наслчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги бор. Уларда 2300 бошдан зиёд қорамол боқиляпти. Туман ҳудудида тоғ ва адирликлар борлиги  боис  чорвачиликни ривожлантириш учун жуда яхши муҳит мавжуд. Шундан бўлса керак, туман ҳудудида гўштнинг нархи бошқа жойларга нисбатан сезиларли даражада арзон. Туманда чорвачилик хўжаликларига ем-озуқа етиштириш учун жами 374 гектар ер майдони ажратилган.

Чортоқ тумани ҳокими Ойбек Ҳайдаров билан бўлган суҳбат давомида, мутасадди   “Шерзод наслдор чорвадор” хўжалигига ер майдони ажратилиши ижобий ҳал бўлганлигини билдирди. Шунингдек, Ойбек Ҳайдаров ёш чорвадор Шерзод Камалов ўзида ишлаб чиқарилаётган сутни қайта ишлаш корхонаси қуриш учун ҳам амалий ёрдам сўрагани ва бу масала ҳам тез кунларда якунига етишини айтди.

“Туманимизда  фаолият юритаётган тадбиркорлар учун доим эшигимиз очиқ. Улардан тушаётган ҳар қандай мурожаат беэътибор қолмайди. 180 минг аҳоли яшайдиган туманимизда ишлаб чиқариш корхоналари ривожланиб, янги иш ўринлари яратилиши бугунги куннинг энг долзарб вазифаси”, деди Ойбек Ҳайдаров.

30 январь куни Чортоқ туман халқ депутатлари Кенгашининг сессиясида “Шерзод наслдор чорвадор” хўжалигига экин учун 12 гектар ер майдони ажратилиши масаласи кун тартибига қўйилиб, ижобий якун топибди.

Хулоса қилиб, шуни айтмоқчимизки, бугунги кун тадбиркорига шароит яратиб, кўмак бериш бу – ўша жойдаги ривожланиш ва халқ фаровонлигини ошишига қилинган ҳаракатдир. Мутасаддиларимизнинг асосий вазифаси ҳам шундан иборат. Улар мана шу жиҳатни унутмасалар бўлгани...

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов