13 февраль куни Халқаро бизнес марказда иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича биринчи Ўзбекистон-Корея йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар берди.
  
Ўзбекистон делегациясига мамлакат бош вазири Абдулла Арипов, Корея томонига эса – бош вазир ўринбосари, мамлакат молия вазири Ким Донг Ён раҳбарлик қилмоқда. 

Абдулла Ариповнинг маълум қилишича, мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама товар айланмаси ҳажми 2016 йил билан таққослаганда 27 фоизга ошган.

“Бироқ бизнинг фикримизча, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси ҳажми бўйича салоҳиятдан тўла фойдаланма олмадик. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган Корея Республикаси инвестициялари ҳажми 5 млрд АҚШ долларидан кўпроқни ташкил этади. Ўзбекистонда кореялик ҳамкорлар билан автомобилсозлик, электр энергетика, нефть-газ, электротехника, тўқимачилик саноати, ахборот технологиялари бўйича қатор кенг кўламли инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Яқинда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев махсус фармони билан Корея Республикаси фуқаролари учун визаларни бекор қилди. Бу ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлайди”, - дея айтиб ўтди Абдулла Арипов.

Ўзбекистон-Корея йиғилиши давомида томонлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида Иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси кредитларига нисбатан Ҳадли шартнома доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш ва 2018-2020 йилларга мўлжалланган даврда ривожланиш масалаларини муҳокама қиладилар. Дастур миқдори 500 млн долларга тенг.